Ўзбекистон янгиликлари

Олий мактабнинг ўқитувчи ва талабалари азим Бухорога саёҳат қилишди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 11 январь куни Ҳадис илми мактабига ташрифи давомида билдирилган тавсияларда Мактаб талабаларининг олган назарий билимларини амалиётга ҳамоҳанг тарзда олиб бориш, уларни ватанпарвар ва буюк аждодларга муносиб ворис бўлиш руҳида тарбиялаш мақсадида диёримиздан етишиб чиққан буюк алломалар қўним топган зиёрагоҳ ва қамжоларни зиёрат қилиш, диққатга сазовор маданий-тарихий объектларга саёҳатларни ташкил этиш лозимлиги таъкидланган эди. Шу мақсадда, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Мактаб жамоасига замонавий автобус тақдим қилинган эди.

Мактаб ўқитувчи ва талабалари жорий йилнинг 27-28 март кунлари Бухоро вилоятида сўнги йилларда амалга оширилган ижтимоий-маданий ислоҳотлар билан яқиндан таништириш ҳамда ундаги табаррук зиёратгоҳ ва қадамжоларни зиёрат қилиш мақсадида кўҳна кентга саёҳат қилишди.

Ўқитувчи ва талабалар саёҳатнинг биринчи кунида дастлаб тасаввуфнинг йирик намояндаси, машҳур авлиё, Хожагон номи билан шуҳрат қозонган тариқатнинг асосчиси Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг мақбарасини зиёрат қилишди. Мазкур зиёратгоҳда Мактаб жамоасини Абдулхолиқ Ғиждувоний жоме масжиди имом хатиби Орифжон домла Амонов бошчилигидаги масжид мутасаддилари кутиб олишди.

Зиёрат асносида Мактаб ўқитувчи ва талабалари учун Орифжон домла Амонов томонидан азиз авлиёнинг ҳаёти, устозлари ва шогиртлари ҳамда у зот томонидан асос солинган Хожагон тариқатининг ўзига хос хусусиятлари, мазкур зиёратгоҳда сўнги йилларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақида суҳбат ташкил қилинди. Шу ерда масжид мутасаддилари томинидан Мактаб ўқитувчи ва талабалари учун тушлик дастурхони ташкил этилди. Зиёрат якунида хатми Қуръон ўқилиб, диёримизда ўтган барча аллома ва азиз авлиёларлар, хусусан, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларини ёд этиб дуои хайр қилинди.

Шундан сўнг, Мактаб жамоаси ислом оламининг энг машҳур авлиёларидан бири, нақшбандия тариқатининг асосчиси Хожа Баҳоуддин Нақшбанд мажмусига ташриф буюрди. У ерда Мир Араб олий мадраса ректори Хайдархон домла Юлдашходжаев, олий мадрасанинг ўқув ҳамда маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорлари, ўқитувчи ва талабалари, “Хўжа Исмат Бухорий” жоме масжиди имом хатиби Салоҳиддин домла Гадоев юқори даражада кутиб олишди. Дастлаб Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг мақбараси зиёрат қилинди ва мақбара ёнидаги масжидда шом намози адо этилди.

Шом намозидан сўнг Баҳоуддин Нақшбанднинг волидалари Биби Орифанинг мақбараси зиёрат қилинди. Ташриф давомида Хайдархон домла Юлдашходжаев ҳамда Салоҳиддин домла Гадоев томонидан Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг ҳаёти, устозлари ва шогиртлари ҳамда у зот томонидан асос солинган Нақшбандия тариқатининг ўзига хос хусусиятлари, мазкур мажмуада сўнги йилларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақида суҳбат қилинди ва мактаб талабалари томонидан хатми Қуръон ўқилиб, диёримизда ўтган барча аллома ва азиз авлиёларлар, хусусан, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларини ёд этиб дуои хайр қилинди.

Кун якунида Мир Араб олий мадрасаси билан яқиндан танишилди ва у ерда таълим муассасаси мутасаддилари томонидан Мактаб жамоаси учун кечки овқат ташкил қилинди. Баҳоуддин Нақшбанд жоме масжидида ҳуфтон намози адо этилди.

Ташрифнинг иккинчи кунида Мовароуннаҳрдаги биринчи масжид ва Имом Бухорий дарс ўтган жой Масжиди Калонда бомдод намозини адо этилди. Эрта тонгдан Масжиди Калон қаршисида жойлашган Мир Араб мадрасасида мадраса мутасаддилари томонидан нонушта дастурхони ташкил қилинди. Нонуштадан сўнг Имом Бухорий туғилиб, вояга етган уйлари ўрни сифатида сақланиб қолган ҳовли ҳамда масжид зиёрат қилинди ва у жойнинг тарихи ҳақидаги маълумотга эга бўлинди. Саёҳат давомида Мир Араб мадрасаси биносига ташриф буюрилди. У ерда мадраса мудири Жамолиддин домла Мавлонов ва мадраса масъуллари кутиб олишди. Саёҳат аввалида мадраса биносида жойлашган Саййид Абдуллоҳ Яманийнинг мақбараси зиёрат қилинди. Мадраса биноси билан яқиндан танишиш асносида мазкур мадрасанинг тарихи, ўзига хос қурилиш услуби, у ерда ўқиган машҳур уламолар ҳақида мадраса мутасаддилари томонидан суҳбат ташкил этилди.

Шундай сўнг, Бухоронинг тарихий маркази бўлган Арк қалъасига саёҳат қилинди. Саёҳат давомида Мактаб ўқитувчи ва талабалари Арк қалъанинг тарихи, унинг таркибидаги бинолар жойлашуви ва вазифалари, ундаги экспонатлар тўғрисидаги билимга эга бўлишди.

Арк қалъасидаги экскурсиядан сўнг Бухоро фиқҳ мактабининг асосчиси ва ҳанафийлик мазҳабини юртимизда кириб келиши ҳамда кенг тарқалишига сабабчи бўлган Имом Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва Имом Абу Ҳафс Сағир Бухорийнинг мақбаралари зиёрат қилинди. У ерда Мактаб жамоасини Абу Ҳафс Кабир жоме масжиди имом хатиби Акрам домла Абдуллаев кутиб олди ва  мазкур зиёратгоҳ тарихи ҳамда у ерда мангу қўним топган икки буюк Имомнинг ҳаёти, илмий фаолиятлари ва ислом шариатдаги ўрни, зиёратгоҳда сўнги йилларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берди.

Мактаб ўқитувчи ва талабаларининг Чор Бакр мажмуаси зиёрат қилди. Мажмуанинг зиёрат қилиш асносида у ердаги масжид, мадраса, хонақоҳлар ва Абу Бакр Саъд, Абу Бакр Фазл, Абу Бакр Ҳомид, Абу Бакр Тархоннинг мақбаралари зиёрат қилинди. Зиёрат давомида мазкур мажмуа ва ундаги бинолар тарихи, у ерда мангу қўним топган алломалар, азиз авлиёлар ва ҳофизул Қуръонлар ҳаёти ҳамда мажмуа тўғрисидаги қимматли маълумотларга эга бўлинди.

Мактаб жамоаси Бухоро вилоятидаги сафари якунида Мир Араб мадрасасига қайтиб келди ва у ерда мадраса масъуллари ташаббуси билан ташкил қилинган тушлик дастурхонада иштирок этилиб, мадраса масжидида пешин намози адо қилинди.

Пешин намозидан сўнг Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон домла Юсупов ушбу сермаҳсул ўтган сафарни ташкил этишда ўз хиссаларини қўшганларга Мактаб жамоаси номидан ташаккур изҳор қилиб, келгусида таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўқув, илмий ва маънавий тадбирларни биргаликда амалга оширишга умид билдирди.

 

Ҳадис илми мактаби

Матбуот хизмати

Read 1986 times

Янгиликлар

Top