Ўзбекистон янгиликлари

2021 (ҳижрий 1442) йилги закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдори белгиланди

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг милодий 2021 (ҳижрий 1442) йилги закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича

ҚАРОРИ

 

Закотнинг тиллодан нисоби 85 грамм бўлиб, бугунги кунда 1 грамм тиллонинг ўртача нархи 320 000 (уч юз йигирма минг) сўм экани эътиборидан, бу йилги ЗАКОТ нисоби 27 200 000 (йигирма етти миллион икки юз минг) сўм деб белгиланди.

Шунга кўра, зарур эҳтиёждан ташқари бир йил давомида 27 200 000 (йигирма етти миллион икки юз минг) сўм ва ундан ортиқ маблағга эга бўлган мусулмон киши жами маблағининг қирқдан бири (1/40)ни ҳисоблаб, уни закот ниятида камбағал ва фақирларга беради.

Фитр садақасининг миқдори буғдойдан ярим соъ (2 кг.), арпадан бир соъ (4 кг.), майиздан ярим соъ (2 кг.) ва хурмодан бир соъ (4 кг.)дир.

Бугунги кунда мазкур маҳсулотларнинг Тошкент шаҳар бозорларидаги нархлари ўрганилганда 1 кг буғдой ўртача 5 минг сўм, 1 кг арпа ўртача 3,5 минг сўм, 1 кг майиз ўртача 40 минг сўм ва 1 кг хурмо ўртача 35 минг сўм экани маълум бўлди.

Шунга кўра, ФИТР садақасининг миқдори:

  • буғдойдан 2 кг 10 000 (ўн минг) сўм;
  • арпадан 4 кг 14 000 (ўн тўрт минг) сўм;
  • майиздан 2 кг 80 000 (саксон минг) сўм;
  • хурмодан 4 кг 140 000 (бир юз қирқ минг) сўм деб белгиланди.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя қилади.

Фидя миқдори бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати қийматида бўлиб, бугунги кунда бу ўртача 25 000 (йигирма беш минг) сўмга тўғри келганидан, бу йилги ФИДЯ миқдори бир кун учун 25 000 (йигирма беш минг) сўм, бир ойга 750 000 (етти юз эллик минг) сўм деб белгиланди.

 

Эслатма: Мазкур қийматлар Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланди. Ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

 

Read 6582 times
Tagged under

Янгиликлар

Top