Ўзбекистон янгиликлари

Алҳамдулиллаҳ, орзиқиб кутилган таровиҳ намозлари ва Қуръони карим хатмлари (+фотолавҳа)

Аллоҳ таолога беҳисоб шукр, кечадан мўмин-мусулмон халқимиз юртимизнинг барча масжидларида ўтган йиллардан бери соғинганимиз – таровеҳ намозларида Қуръон каримга сомеъ бўлишмоқда. Юртдошларимиз, айниқса, нуроний отахонлар жамоатларда Рамазонга етгани, таровиҳларни масжидда мўмин-мусулмон биродарлар билан жамоат бўлиб бир сафда елкама-елка ўқиётгани, хушовоз ва гўзал қироат соҳиби бўлган қориларимизнинг тиловотидан баҳраманд бўлаётгани сабаб кўзларида қувонч ёшлари, тилларида шукрона, юзларида ёруғлик ва мамнуният зоҳир бўлмоқда.

Рамазон ойига ўзгача шукуҳ, сурур бағишлайдиган, фақатгина бу ойга хос бўлган ибодат таровиҳ намозидир. Аммо минг афсуски ўтган йили бошимизга келган оғир синов сабабли бир йиллик жисму руҳимизга шифо ва куч-қувват бўлувчи таровиҳ намозларида Қуръони каримга сомеъ бўлиш бахтидан мосуво бўлгандик.

Аллоҳ таолога беадад шукр, бало-офатлар чекиниб, яна шу неъматга етдик... Иншоаллоҳ, Рамазон рўзлари, хайрли ишлар, тоат-ибодатлар, хусусан, таровиҳ намозидаги Қуръони карим хатмлари ва дуолар шарофатидан юртимиз янада равнақ топади, халқимиз турмуши бундан-да фарвон бўлади.

Дарҳақиқат, бу йил юртимизнинг деярли барча масжидларида таровиҳ намози ўқилмоқда. Қувонарлиси, улардан 1370 дан зиёд масжидда хатми Қуръон ўтказилмоқда. Бунинг учун жомеларимизда барча шарт-шароитлар яратилган.

Кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари "Ҳазрати Имом" жоме масжидида мўмин-мусулмон халқимизни Рамазон ойи билан муборакбод этиб, бу улуғ ойнинг ҳар бир ғанимат лаҳзасини гўзал тарзда ўтказиш бўйича тавсия бердилар.

Азиз юртдошлар, Рамазон ойининг ғанимат лаҳзаларининг ҳар бир сониясидан унумли фойдаланиб, бир зум ҳам ғафлатда қолмайлик, ҳозирда жорий қилинган карантин қоидаларига амал қилиб, жамоат намозларимизни гўзал тарзда ўтказайлик.

Аллоҳ таоло таровиҳ намозларимизни, Қуръон тиловати ва сомеъ бўлганларимиз, тунги қиёмларимизни Ўз даргоҳида қабул қилсин, Рамазонни ажру савоблар ила манфаатли якунлашимизни насиб этсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1701 times

Янгиликлар

Top