Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: Қорақалпоғистонда 3 та масжид қурилиши бошланди

Кеча, 14 апрель куни Нукус шаҳрида янгидан очилиши режа қилинган 3 та масжид қурилиш ишларини бошлаш муносабати билан тадбир ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Э.Дурдиев, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Ш.Бауаддинов, Нукус шаҳри ҳокими У.Панаев, таниқли уламолар, нураний отахонлар ва шаҳар аҳолиси иштирок этди.

2019-2020 йиллари давомида маҳаллий ҳокимият ва мутасадди ташкилотлар келишуви билан Қорақалпоғистондаги 15 та масжиднинг янгидан иш бошлашига рухсат олиниб, баъзи ҳудудларда масжидлар қурилиши бошланган эди.

Янгидан қурилиши бошланган 3 та масжид: Нукус шаҳридаги “Қум аўыл”, “Алланияз қаҳарман” ва “Саманбай» макон фуқаролар йиғинлари ҳудудига қурилади. Шу билан Нукус шаҳридаги масжидлар сони 7 тага етади, иншоАллоҳ.

Тадбирда қатнашчилар Қорақалпоғистондаги мавжуд масжидлар кундан-кунга обод бўлаётгани, кўплаб масжидларимиз шарқона услубда қайта қурилиб, чиройли кўринишга келтирилаётгани, намозхонлар учун қўлай шароитлар яратилаётгани, халқимиз қўлайликларга эга, шинам масжидларда эмин-эркин ибодатлар қилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, Аллоҳ таолодан муборак Рамазон ойида янгидан қурилиши бошланаётган масжидлар тез орада бунёд бўлиши, уларда мўмин-мусулмонлар ибодатлар қилишини сўраб дуолар қилинди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Мўйноқ туманида “Ҳоким ота” масжиди очилган эди. Жорий йил Нукус шаҳридаги “Муҳаммад Бахий эшон”, Қўнғирот туманидаги “Мўлла Исҳоқ” ва Мўйноқ туманидаги “Қорақум эшон” масжидлари фаолият бошлади.

Масжидлар Аллоҳнинг уйлари. Унда Қуръон тиловат қилинади, Ҳақ таолога тоат-ибодатлар қилинади. Шу боис масжидлар –муқаддас маскандир. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Албатта (барча) масжидларАллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!” (Жин сураси, 18-оят).

 

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти

Read 1737 times

Янгиликлар

Top