Ўзбекистон янгиликлари

"Табаррук зиёрат" лойиҳаси бўйича кейинги қадам ташланди

28 апрель куни Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш, ТТДК) котибияти билан видеоанжуман шаклида маслаҳатлашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

ТТДК Котибиятининг хабар беришича, учрашувда Туризм ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов, Туркий Кенгаш Бош котибининг ўринбосари Мирвоҳид Азимов ва бошқалар иштирок этди.

Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 31 март куни бўлиб ўтган Туркий Кенгашнинг норасмий онлайн-саммитида билдирган туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ташаббусларини амалий амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, аъзо давлатлар ҳудудларида жойлашган муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишни ташкил этишга қаратилган "Табаррук зиёрат" лойиҳасини амалга ошириш бўйича кейинги қадамлар белгилаб олинди.

Томонлар жорий йилда Туркий кенгаш туризм вазирларининг олтинчи учрашувини Ўзбекистонда ўтказиш бўйича ташкилий масалаларни кўриб чиқди.

Учрашув иштирокчилари, шунингдек, ТТДК доирасидаги туризм соҳасидаги ўзаро алоқаларнинг долзарб масалалари, жумладан, «Замонавий ипак йўли» қўшма туризм лойиҳасини илгари суриш, туркий дунё сайёҳлик йўналишларининг рақамли харитасини яратиш ва Туризм таълими бўйича мувофиқлаштириш қўмитасини шакллантириш бўйича фикр алмашди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1322 times

Янгиликлар

Top