Ўзбекистон янгиликлари

Тайинлов: Фазилатли уламо Салоҳиддин домла Шарипов Диний идора раиси маслаҳатчиси лавозимига тайинланди

Тошкент шаҳри “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Шарипов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси лавозимига тайинландилар. Табаррук устоз кўп йиллардан буён муборак динимиз ривожи, халқимиз маънавияти ва ёшлар тарбиясида салмоқли ишлар қилиб келаётган таниқли дин пешволаридан биридир.

Забардаст уламо Салоҳиддин домла Шарипов 1961 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топганлар. 1979-1983 йилларда Мир Араб мадрасасида таълим олдилар ва мадраса талабалари орасидан сараланиб, Тошкент ислом олий маъҳадига ўқишга кирадилар.

Олий Маъҳадда ҳар бир фанга алоҳида эътибор билан диний билим билан бир қаторда дунёвий илмларни ҳам пухта эгаллаб, 1987 йилда тамомладилар. Шу йил у киши Мир Араб мадрасасига ўқитувчи вазифасига ишга қабул қилиндилар ва устозлардан ўрганган илмий меросни талабаларга бердилар. Нахв, сарф, тафсир фанларидан дарс бердилар. 1989 йил эса Тошкент ислом институтига ўқитувчи этиб тайинландилар, 1990 йилга қадар талабаларга тафсир, балоғат фанларидан сабоқ бердилар.

1990 йилда Салоҳиддин домла илк диний таълим олган Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида директор лавозимига тайинладилар. У ерда 1993 йилга қадар мадрасанинг илмий савиясини ошириш йўлида кўп ишларни амалга оширдилар. Сўнг яна Тошкент ислом институтида проректор лавозимида фаолият олиб бордилар.

1996 йилда Тошкент шаҳар Учтепа туманида жойлашган “Ҳазрати Али” жоме масжидига имом-хатиб этиб тайинландилар. Шу билан бирга Олий Маъҳадда тафсир фанидан дарс бердилар.

Ҳозирга кунда ҳам Салоҳиддин домла “Ҳазрати Али” жоме масжидида имомлик вазифасини бажармоқдалар. Ўзларининг диний-маърифий, ахлоқий-тарбиявий маърузалари билан халқимиз маънавий камолотига жуда катта ҳисса қўшмоқдалар. Шу билан бирга Салоҳиддин домла Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини чуқур англаб, мазмун-моҳиятини ўз маърузаларида кенг халқ оммасига етказмоқдалар.

Фазилатли олим ўзининг кўп йиллик меҳнат фаолияти давомида ўнга яқин электрон дисклар ва китоблар нашр қилдилар. Жумладан, “Инсон мукаррам зот”, “Исломда оилага муносабат” каби асарлар ва “Саодат улуғ неъмат”, “Мазҳаббошимиз Нўъмон ибн Собит ҳаёти ва фаолияти”, “Мустаҳкам оила юрт таянчи”, “Дуо одоблари ва ислом рукнларининг тарбиявий ахамияти”, “Қуръон, намоз ва Рамазон фазилатлари”, “Жума маърузаларидан намуналар” каби дисклари мухлис халқимиз томонидан мамнуният ила тинглаб мутолаа қилинмоқда.

Аллоҳ таоло Салоҳиддин домла Шариповга янги шарафли мартабани муборак айласин, иш фаолиятларида улкан муваффақиятларни ато этсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 3248 times

Янгиликлар

Top