Ўзбекистон янгиликлари

Рамазонга оид ўзбекона урф-одатлар таништирилди

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси томонидан Анқарада жойлашган Онадўли илоҳиёт академиясининг туркум мулоқот дастурлари доирасида «Ўзбекистонда Рамазон ойи урф-одатлари» мавзусида онлайн давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Элчихона маълумотига кўра, онлайн тадбир Анқара университети Илоҳиёт факультети профессори, мотуридийшунос олим Сўнмез Кутлу билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Туркия жамоатчилиги вакиллари иштирок этган веб-анжуманда мамлакатимизда Рамазон ойининг катта шоду хуррамлик ва шукроналик билан кутиб олиниши, бу ойда барча мўъмин-мусулмонлар ўз ибодатларини эмин-эркин адо этаётгани, масжидларда хатми қуръонлар ўтказилаётгани ҳақида маълумот берилди.

Иштирокчилар Рамазонга оид ўзбекона урф-одатларга катта қизиқиш билдирди. Уларга мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларидаги маҳаллаларда ифтор вақтидан кейин болалар томонидан ижро этиладиган «Ё, Рамазон» қўшиқларининг турлари, Рамазон ойида ўзбек оилаларида ифтор дастурхонлари учун тайёрланадиган турли таомлар ва нозу неъматлар, айниқса, нишолда ҳақида айтиб берилди.

Дастур бошловчиси, профессор Сўнмез Кутлу «Ўзбекистондаги Рамазон анъаналарини кузатар эканмиз, бу ерда биз туркларнинг айрим минтақаларида ҳам ўхшаш урфлар борлигини кўришимиз мумкин. Мен ўз тадқиқотим давомида «Ё, Рамазон» қўшиқлари Самсун вилоятининг айрим қишлоқларида ҳам куйланишини аниқладим. Кўриб турганингиздек, минглаб километр узоқда бўлсак ҳам маданиятимиз ва маънавий қадриятларимизда кўплаб муштарак жиҳатлар сақлаб қолинган», - дея таъкидлади.

Онлайн дастурда иштирок этган ўзбекистонлик устазода созанда Аброр Зуфаров турк жамоатчилигини байрам билан қутлади ва миллий ўзбек мақомларидан ижро этди.

Дастур давомида Ўзбекистонда зиёрат туризми соҳасида яратилган имкониятлар алоҳида таъкидланди. Иштирокчилар Самарқанд, Бухоро, Хива, Фарғона каби гўзал тарихий шаҳарларимизни зиёрат қилишга таклиф этилди.

«Бу юрт очиқ осмон остидаги музейга ўхшайди. Бу ерларда ўзингизни ёлғиз ҳис қилмайсиз. Мен Ўзбекистонга борганимда ўзимни худди туғилиб ўсган Эрзинжан вилоятида юргандек ҳис қилдим. Ўзбекистондаги ҳар бир гўша ва анъаналар қадрдондек, танишдек туюлаверади. Мен барча дўстларимга ҳеч ўйлаб ўтирмасдан Ўзбекистонга боришни, ушбу юртдаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишни тавсия этаман», - деди ўз чиқиши якунида Сўнмез Кутлу.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1413 times

Янгиликлар

Top