Ўзбекистон янгиликлари

Рамазон ойида 10 миллиардлик хайрия қилинди

Рамазон саховат ойи ҳам. Бу улуғ ойда қилинган хайрияларга ўндан етти юз баробаргача ва ундан ҳам кўпайтириб берилади. Шу боис мўмин-мусулмон халқимиз бу мавсумда бошидан то охирига қадар хайрия ишларини кўпроқ қилишга шошилади. Имом-хатиблар ҳам бу ойда саховатпеша инсонларни хайриялар қилиб улкан ажру савоб олиб қолишга тарғиб қилади, эҳтиёжманд оилаларга далолат қилиб ҳақдорларнинг кўнглини обод қиладилар.

Жорий йил Рамазон ойида ушбу анъана янада кенг қулоч ёзди. Бу муборак мавсум давомида Имом-хатиблар ва саховотпеша инсонларнинг яхшилик йўлидаги ҳамкорлиги натижасида юртимиздаги бир неча ўн минглаб эҳтиёжманд оилалар, “Мурувват” ва “Саховат” уйларига, шифохоналардаги ҳақдорларга 10 миллиард 35 миллион сўмдан ортиқ озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа турдаги хайриялар етказиб берилди. Албатта, бу хайрия ишларининг ҳаммаси эмас. Маҳфий тутилган, ҳисобга киритилмаган хайриялар бундан ҳам кўп. Имом домлаларимиз мушкули бор, кўнгли синиқ, қўли юқа кишиларга моддий хайрияларни улашиш баробарида уларнинг кўнглини ширин сўз билан кўтариб, ҳақларига дуои хайрлар қилдилар.

 Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Эҳсоннинг мукофоти фақатгина эҳсондир” (Ар-Роҳман сураси, 60-оят). Яъни, яхшиликнинг мукофоти фақатгина яхшиликдир. Ояти каримадаги биринчи яхшиликни бандалар қилади. Унинг ичига барча эзгу ишлар киради. Иккинчи яхшилик эса Аллоҳ таоло яхшилик қилувчиларга берадиган жаннатдир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Энг афзал садақа Рамазонда қилинган садақадир”. Имом Аҳмад ва “Сунан” соҳибларининг баъзиларидан қилинган ривоятда: “Ким бир рўзадорга ифторлик берса, у учун у (рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарса камаймаган ҳолатда бўлади (ёзилади)”, деганлар.

Эслатиб ўтамиз, имом-хатиблар ташаббуси билан Рамазоннинг илк ҳафтасида қарийб 2 миллиард, икки ҳафтасида 4 миллиард сўмлик сўм хайрия қилингани ҳақида хабар бергандик.

Аллоҳ таоло улуғ ойда қилинган хайрияларни даргоҳида қабул қилиб, ажру мукофотини янада кўпайтириб берсин, бундай хайрли ишларни бардавом қилсин!

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1735 times

Янгиликлар

Top