Ўзбекистон янгиликлари

Ислом цивилизацияси марказида дунёдаги энг катта Қуръони карим саҳифасини қўлда кўчириш ишлари якунланди.

Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида дунёдаги энг катта қўлёзма Қуръони карим саҳифасини қўлда кўчириш ишлари якунига етди. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров маълум қилди.

 

Шоазим Миноваровнинг маълум қилишича, ушбу саҳифа Бойсунқор Мирзо томонидан отаси султон Шоҳрух Мирзо учун махсус кўчирилган Бойсунқур Қуръони саҳифасининг бироз катталаштирилган такрори.

Саҳифани марказ хаттоти, Тошкент Ислом институти битирувчиси Нажмиддин Фаёзий Нуриддин ўғли 6 ой мобайнида кўчирган.

 

Махсус қоғоз Япониядан, бўёқлар Туркиядан келтирилган ва саҳифага ўзбек олтини суви билан ҳал берилган. Саҳифа Ислом цивилизацияси марказидаги Усмон Қуръони учун жиҳозланаётган хонақоҳдан жой олади.

Ислом цивилизацияси маркази қўлёзма Қуръон саҳифасини Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш юзасидан музокаралар олиб боришга киришди.

Бундан  аввал Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиши 2021 йилнинг охирида якунланиши ҳамда Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказининг қурилиш жараёнини кўздан кечиргани ҳақида хабар берилганди.

Read 1658 times

Янгиликлар

Top