Ўзбекистон янгиликлари

«Oman Observer» газетаси: Рамазондаги ўзбек лаззатлари

Ўмон Султонлигининг «Oman Observer» газетасида Ўзбекистонда Рамазон ойининг нишонланиши тўғрисидаги «Ифторга ўзбек лаззати» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Журналист Юсуф Кабир томонидан ёзилган материал ўмонлик ўқувчиларни Ўзбекистонда Рамазон ойи билан боғлиқ урф одатлар, саҳарлик ва ифторлик дастурхонига тортиладиган миллий таомлар билан таништиради.

Муаллифга кўра, муқаддас Рамазон ойи Ўзбекистонда ўзига хос улуғворлик ва диний қадриятлар билан ўтказилади. Рўза тутиш, ифторлик анъаналари ва маданияти ҳар бир ўзбек хонадонида ҳатто собиқ мустабид даврида ҳам сақлаб қолинган.

«Ўзбек халқи бир вақтлар ўзларининг диний ва миллий урф-одатларидан маҳрум бўлган эди. Ўзбекистон мустақил давлат, деб эълон қилинганидан сўнг миллий урф-одатлар билан бирга диний қадриятлар ҳам қайта тикланди, – деб ёзади муаллиф. – Шундан буён Рамазон ойи мамлакат аҳолиси орасида катта кўтаринкилик билан ўтказилади. Маҳаллий урф-одатларига кўра, ўзбеклар ифторлик вақтида ўз қўшнилари билан таом улашади. Бу анъана, айниқса, ҳайит байрами арафасида янада оммалашиди. Ўзбек оиласининг яна бир ўзига хос одати бор. Яъни ҳар бир ўзбек хонадонида рўза очилишида оила бошлиғи дуо қилади ҳамда биринчи бўлиб таомга қўл узатади. Бу қоида ва тартиб Ўзбекистоннинг барча минтақаларида амалда».

Мақолада қайд этилишича, ўзбек хонодонида ёзиладиган дастурхон жуда батартиб. Ўзбекистонликларнинг энг севимли таомлари – бу анъанавий ширинликлар, нишолда, патир нон, сомса, қандолат ва, албатта, паловдир. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда Рамазон ойи давомида севиб танавул қилинади.
Материалда, шунингдек, ўзбек ошхонасининг шоҳ таоми - палов ва нишолдани тайёрлаш усуллари ҳақида маълумотлар ўрин олган.
«Нишолда соғлиқ учун жуда фойдали ва ҳазм қилишни енгиллаштиради», - дейилади нашрда.

Муаллифнинг ўмонлик ўқувчиларга тавсия этишича, ўзбек паловини тайёрлаш учун яхши гуруч танлаш керак. Қўй гўшти, сабзи ва пиёз асосий масаллиқлардан ҳисобланади. Сабзини узун шаклда тўғраш лозим.

«Aгар сиз паловни пиширишни эплаган бўлсангиз, уни анор ва турупдан тайёрланган «Тошкент» салати билан танаввул қилиб, ушбу таомнинг мазасидан завқ олинг», - деб ёзади Юсуф Кабир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1621 times

Янгиликлар

Top