Ўзбекистон янгиликлари

Альбир Крганов: Ўзбекистондаги ислоҳотлар дунёдаги обрўли давлатлар қаторига қўшилишга хизмат қилади

Россия мусулмонлари кенгаши раҳбари, Москва муфтийси Альбир Крганов «Дунё» АА мухбирига берган интервьюда Ўзбекистонда тарихий ва маънавий-маърифий меросни асраб-авайлаш, аҳолининг диний амалларни эмин-эркин бажариши учун шарт-шароитлар яратиш, ўзбек халқининг миллий ва диний-маърифий қадриятлари, шу жумладан, ислом динининг инсонпарварлик ғояларини ёш авлодга етказиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини изҳор қилди.

– Россия ва Ўзбекистон алоқаларининг мустаҳкамлиги, мамлакатларимиз диний-маърифий ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва муносабатларнинг юқори даражада экани, бизга берган барча неъматлари учун Аллоҳ таолога шукроналик билдираман, - деди А.Крганов. - Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Россия мусулмонлари маънавий ассамблеяси ўртасида ҳамкорлик бўйича битим имзоланган. Ушбу ҳужжат доирасида мана бир неча йилдирки Рамазон ойида ўзбекистонлик қорилар Россия масжидларида Қуръонни хатм қилмоқдалар.

Биз ислом мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиш учун Ўзбекистон билан ўзаро алмашинувларни фаоллаштираяпмиз. Россияликлар Ўзбекистон ўқув юртлари, жумладан, Ислом академияси ва бошқа исломий олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда. Ўзбекистонлик имомлар ва талабалар эса Булғор ислом академияси ва бошқа олий таълим масканларида ўқиётгани ҳам қувонарлидир.

Ўзбекистон диний ташкилотлари билан доимий алоқаларимиз мавжуд. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, ҳамкасбимиз ҳурматли Усмонхон Алимов билан яқин мулоқот ўрнатганмиз. У киши билан бугун ислом оламида юз бераётган вазият ҳақида мунтазам фикр алмашиб турамиз. Алҳамдулиллаҳ, ўзбекистонлик муҳтарам зотнинг яхши маслаҳат ва насиҳатлари биз учун ҳамиша жуда фойдали бўлиб келмоқда. Биз бу муносабатларни жуда қадрлаймиз.

Ўзбекистонда диний ва давлат идораларининг яқин ҳамкорлиги натижасида мамлакатда анъанавий ислом, ҳанафий ақидаси ва Мотуридий таълимотини мустаҳкамлашга қаратилган маърифий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу муборак заминда ислом динининг дунёга машҳур бўлган буюк алломалари яшаб ўтганлар, улар шу ерга дафн этилганлар. Ўзбек диёридан Имом Бухорий, Нақшбандий ва исломнинг бошқа муҳтарам улуғ зотлари етишиб чиққан.

Бугунги кунда Ўзбекистон раҳбарияти улуғ аждодлар қолдирган бебаҳо таълимотни ёшларга етказиш бўйича барча чораларни кўрмоқда. Буюк алломаларнинг асарларини замондошларимизга етказиш бўйича кенг кўламли ишлар қилинмоқда, кўплаб китоблар чоп этилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда ислом анъаналарини тиклаш ва мустаҳкамлашда кўрсатаётган кўмагини миннатдорлик билан қайд этишни истардим. Яқинда Ўзбекистонда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номларида масжид қуриб, мусулмонларга топширилди. Шунингдек, яна бир нечта янги масжидлар бунёд этилди. Биз мамлакатингиздаги бу ижобий янгиликлар ва ўзгаришларни кузатиб, қувонч ҳиссига тўлмоқдамиз.

Ўзбекистонда давлат ташкилотлари ва диний идоралар ўртасидаги муносабатлар конструктив руҳда ва юқори савияда қурилган. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти ва бошқа мутасаддилар ўта мутаносиб ва тизимли иш олиб бормоқда.

Уруш ҳудудларидан Ўзбекистон фуқароларини қайтариш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани катта эътирофга лойиқ. Бу одамлар ўз айбларини англади, Оллоҳ олдида ҳам, қонун олдида ҳам тавба қилди. Бугун давлат уларни рад этмади, чунки улар Ўзбекистон фуқароларидир. Мамлакат уларни яна ўз бағрига олмоқда, тинч ва осойишта ҳаёт учун шароит яратмоқда. Умид қиламанки, бу ака-укаларимиз ва опа-сингилларимиз давлат томонидан кўрсатилаётган инсонпарварлик кўмагини яхши англайди.

Мамлакатингизда ижтимоий масалаларни қўллаб-қувватлаш ва аҳолига ёрдам бериш борасидаги ишлардан яхши хабардормиз. Диний мазмундаги китоблар чоп этилмоқда. Уларни электрон ва рақамли ахборот воситаларида, қоғозда, китоб форматида ўқиш муҳим. Тошкент, Самарқанд ва Бухорода қатор олий ўқув юртлари ташкил этилди. Яратилаётган бундай имкониятлар учун барчамиз Аллоҳга шукр қилишимиз керак.

Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада қилинаётган ишлар республикани дунёдаги обрўли давлатлар қаторига қўшишга ва минтақадаги муҳим марказга айлантиришга хизмат қилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1499 times

Янгиликлар

Top