Ўзбекистон янгиликлари

Афғонистон уламоларининг фикр-мулоҳазалари

Жорий йилнинг 21 май куни Афғонистон ислом республикаси делегацияси Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Имом Термизийнинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусидаги давра суҳбатида қатнашдилар. Меҳмонларнинг таассуротлари ижобий бўлди. Жумладан:

Муҳаммад Муҳсин Донеш, Афғонистон Ислом Республикаси Олий миллий ярашув кенгаши раиси маслаҳатчиси, Миллий бирдамлик партиясининг Шимолий ҳудудлар бўйича раҳбари:

  • Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Олимлар пайғамбарларнинг ворисларидир”, деб марҳамат қилганлар. Мени мана шундай давра суҳбатига таклиф қилганларингиздан мамнунман. Биз Ўзбекистонга бегона эмас, балки иккинчи уйимизга келдик, деб ўйлаймиз. Дўстлигимиз бардавом бўлсин. Бугунги суҳбатим “Имом Термизийнинг мўътадил исломда тутган ўрни” мавзусида бўлади. Биз Имом Термизийдек зотлар ҳақида суҳбатлашишимиз денгиздан бир томчига ўхшайди. Икки давлат учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жуда катта аҳамиятга эга. Ўзбекистон халқи қадим ва буюк маданиятнинг меросхўрлари, Фаробий, Имом Бухорий, Имом Термизий каби олимлар ҳамда Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби давлат арбобларининг давомчиларисизлар.

Мовароуннаҳрда кўплаб олимлар ўтган. Буларнинг қаторида Имом Бухорий ва Имом Мотуридий каби зотлар ҳам бор. Юқорида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков Имом Термизий ҳақида айтиб ўтди. Имом Термизий ким ва қаерда юрган, нечта устоз-шогирдлари бор, уни мазҳаби нима кабилар батафсил очиб бердилар.

Имом Термизийдек зотларнинг йўлини давом эттириш учун биз уламолар келажакда нима иш қилишимиз керак бўлади. Шу ҳақда ўйлашимиз керак. Мўътадил исломни ёйиш керак. Имом Термизийнинг асарлари мўътадил бўлган. Бизнинг вазифамиз Имом Термизийнинг йўлини давом эттириш. Имом Термизий фақат Мовароуннаҳрга тегишли эмас, балки бутун ислом оламининг порлоқ юлдузи бўлган.

Ислом тинчлик, сулҳ ва ўзгариш дини, лекин мутаассиб шахслар Ислом динини бузишга ҳаракат қилади. Баъзилар эса Ислом динини қўпорувчилик билан қўрқитадиган, дин деб айтишади. Биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган, Имом Термизийдан қолган меросларни сақлашимиз ва давом эттиришимиз керак. Мўътадил Исломни ривожлантиришда бу анжуман яна бир босқич вазифасини ўтайди.

Сўзимнинг якунида, мен Афғонистон халқи, Балх ҳокимининг саломини етказаман. Ўзбекистонда 6 кун сафарда бўлдик. Биз ўзбек халқидан бизга қилган ҳурматларидан, меҳмондўстлигидан хурсандмиз. Муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ривожига, тинчликни сақлашга қилаётган ишларининг қадрига етиш керак. Биринчи Президент Ислом Каримов руҳига дуолар қиламан.

 

Маҳмуд Донешжу Муҳаммад Бунёд, Балх вилояти ҳаж ва вақф бошқармаси бошлиғи, Донешжу Балх вилояти уламолар кенгаши асосчиси:

– Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳоқ Суламий Зарийр Буғий Термизий 824 йили Термизда туғилган. Имом Термизий Шом ва Мисрга бормаган. Шу сабабли Шом ва Миср ровийларидан восита билан ҳадис ривоят қилган. Хуросон, Басра, Куфа ва Райга илмий сафар қилган.

Ул зотнинг сулосиёт, рубоиёт ва ашариёт каби асарлари ҳам бор. Имом Термизийнинг илмни олиш билан бирга уларга амал ҳам қилган. Имом Термизий устози Имом Бухорий вафот этганидан ва Аллоҳдан қўрққани учун йиғлаганидан кўзи кўр бўлиб қолган. Имом Термизийнинг “Сунан” асари фиқҳ билан боғлиқ. Фиқҳ масалаларида баҳс ҳам бўлади.

 Имом Термизий “Сунан” асарида ҳадисларнинг охирида ўзининг фикрларини ҳам келтириб ўтган. Шунингдек Имом Термизий “Сунан” асарида омонотга амал қилган. Қайси устози “ахбарана”, қайси устози “ҳаддасана” деган бўлса, уларнинг бир-бирига аралаштирмасдан омонотга амал қилган. “Сунан”да 3956 та такрорланмайдиган ҳадис бор. Ақида илми султони Имом Мотуридий Самарқандда, Фиқҳ илми султони Қобулда, Ҳадис илми султонлари Термиз, Самарқад, Бухорода, Тасаввуф илми султони Мовлоно Балхий Балхда. Афғонистон ва Ўзбекистон ақида, ҳадис, тасаввуф илмларида пешқадам бўлган.

Шунингдек, бугунги мураккаб даврда мутаассиблик ва бузғунчиликка қарши Ўзбекистон ва Афғонистон уламолари ҳамкорликда ҳаракат қилишлари жуда ҳам муҳимдир. 

Саид Муҳаммад Саид Муҳсин Ҳусайний, Афғонистон шимолий ҳудудлари шиа мазҳаби уламолари кенгаши раиси:

 Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Имом Термизий мероси ва соф ислом таълимотини тушунтиришда муҳим маскан ҳисобланади. Икки давлат олимлари ва илм толиблари ўртасида илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш керак.

Агар Ўзбекистон, Афғонистон ва Тожикистон уламолари бирга ишламаса, оқибатда катта муоммалар келиб чиқади. Шу сабабли уламолар ёшларнинг саволларига жавоб бериши керак. Исломнинг мўътадил дин эканини, Исломда мажбурлаш йўқлигини кенг оммага тушунтириш ва кўрсата бера олиш даркор. Айниқса, бу борада энг хавфли иллат – мутаассиблик, биз уламолар бунга қарши курашишимиз керак.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази термизий алломалар ҳаёти ва меросини ўрганиш баробарида турли адашган гуруҳларга қарши ғоявий курашда асосий дорулфунун вазифасини бажаради, инша Аллоҳ.

Абдулваҳҳоб Абдулбосит Пайғомий, Афғонистон уламолари кенгаши аъзоси:

 – Қобулда ҳар куни уруш-жанжал, афсуски ҳар куни қандайдир муаммо, олимлар ўлмоқда. Бу фақатгина Афғонистоннинг муаммоси эмас, балки бутун ислом уммати фожиаси. Бугун олдимизда турган энг катта ва муҳим масала олимларимиз якдиллик ва бирдамликда бирлашишидир. Олимлар бирлашмаса, бир-бирига кўмак бермаса, ислом оламида муаммолар пайдо бўлаверади.

Мана бир хафтаки, Ўзбекистондамиз, тинчлик ва омонликда ҳаётингиз бир маромда давом этмоқда. Ҳавасим келяпти. Олимлар тинч юртда эмин эркин илм билан машғул. Ўзбекистондаги мадрасалар, илмий тадқиқот марказлари, институтлар ва масжидларни зиёрат қилдик. Булар ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Буларнинг ортида катта меҳнат ётибди. Бунинг учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга чексиз ташаккур, у киши Ислом динига катта хизмат қилмоқда.

Уламолар бир бўлиб ишлайлик, ўшанда дунё тинч бўлади. Биз нима десак халқ рози бўлади. Халқ бизни ҳурмат қилади, танийди. Бу каби сафарларимиз кўп бўлиши керак. Биз бугун Ўзбекистонга сафар қилдик. Сизлар ҳам Афғонистонга ташриф буюринг. Бирдамлигимизни бутун дунё кўрсин.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати

Read 1472 times

Янгиликлар

Top