Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва Малайзия ислом цивилизацияси меъросига бағишланган туркум тадбирлар ўтказилади

Ўзбекистон элчихонаси вакиллари Малайзия исломни тушуниш институти (IKIM) қошидаги Шариат, фиқҳ ва сиёсат маркази директори Моҳд Фарид Моҳд Шаҳран билан онлайн музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё"ахборот агентлиги.

Учрашув чоғида Малайзия томони ва Ўзбекистон илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида илгари имзоланган ҳамкорлик шартномаларини амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик ва қўшма тадбирларни ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Аввалроқ, IKIM ва халқаро Ўзбекистон Халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотлар маркази ўртасида 2020 йилнинг 4 июнида элчихона кўмагидаги онлайн маросим чоғида ҳамкорлик шартномалари имзоланган эди.

Ҳужжатларда мазкур муассасаларнинг илмий ислом мероси, Ўзбекистонда сақланаётган қадимий қўлёзмаларни ўрганишдаги ўзаро ҳамкорлиги, биргаликда анжуман, семинар ва тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш курслари ташкил этиш ва талабалар алмашинуви, маърифий ислом бўйича тадқиқотларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Малайзия томони Ўзбекистон раҳбарияти томонидан ислом динини тўғри идрок этиш ва тушуниш масалаларига қаратилаётган эътиборни юқори баҳолади. Шу нуқтаи назардан республикамизда бағрикенглик маданиятини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, ислом цивилизациясининг бой меросини ҳар томонлама ўрганиш ва исломнинг гуманистик моҳиятини ёйиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар динлараро ва цивилизациялараро ўзаро мулоқотлар ривожига ҳисса қўшаётгани таъкидланди.

Малайзия институти имзоланган шартномаларни амалий мазмун билан тўлдириш бўйича ишларни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Жумладан, юқорида қайд этилган илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари ҳамда Ўзбекистондаги таълим муассасалари талабалари иштирокида IKIM радиоканалида бир қатор интервьюлар ташкил этиш таклиф тилмоқда.

Бундан ташқари, ислом цивилизациясининг бой меросига бағишланган қатор қўшма семинарлар ва илмий-амалий анжуманлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1301 times

Янгиликлар

Top