Малайзиянинг «Astro Awani» электрон нашри саҳифасида Ўзбекистон билан ташкил этилган қўшма маданий лойиҳа – «Bukhari: Islamic Art Exhibition» ислом санъати виртуал кўргазмасига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Виртуал кўргазма мамлакатимизнинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси кўмагида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази (Ўзбекистон), Малайзия миллий университетининг Ислом цивилизацияси институти, «Dacore IT» компанияси ва Лестер университети (Буюк Британия) томонидан ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон, Малайзия, Австралия, Германия, Индонезия, Таиланд, Туркия ва Буюк Британиядан 120 нафардан зиёд иштирокчи қатнашди.
Тадбир Facebook ижтимоий тармоғида 800 минг нафарга яқин томошабинга эга бўлган ҳамкор ташкилотларнинг аккаунтлари орқали ҳам реал вақт режимида намойиш этилди.
Ислом санъати кўргазмасида Имом Бухорийнинг бой илмий-манавий меросига ҳурмат билдириш учун бадиий ижоднинг турли шаклларидан фойдаланилди.
Кўргазмани ташкил этишдан кўзланган мақсад Имом Бухорий олиб борган изланишларнинг натижаси ўлароқ исломнинг тинчлик ва донолик дини сифатида умуминсоний қадриятларга асосланган ғояларини жаҳон жамоатчилигига етказишдан иборат бўлди. Виртуал кўргазмада Имом Бухорий тўпламида тақдим етилган ҳадислардан илҳомланиб битилган замонавий санъат вакилларининг турли асарлари ўрин олган.
Яқин келажакда Малайзия миллий университети Ислом цивилизацияси институти ва Ўзбекистон илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида янада кўпроқ қўшма лойиҳалар амалга оширилиши кутилмоқда, деб ёзади «Astro Awani» нашри.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати