Ўзбекистон янгиликлари

Масжид жамоаси билан юзма-юз, дилдан суҳбат қилинди

Бугун, 10 июнь куни Диний соҳа раҳбарлари Андижон вилоятига сафарлари давомида Шаҳрихон туманидаги “Муҳаммад Розиқбой” ва “Сулаймонбек” жомеларида ҳам бўлиб, масжид ходимлари, маҳалла фаоллари, нуроний отахонлар билан самимий суҳбат қурилиб, мўмин-мусулмонлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, улкан ўзгаришлар ва янгиликлар ҳақида сўзлаб берилди.

Ташриф асносида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Президент маслаҳатчиси Шоазим Миноваров, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев масжидлардаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар, жомелар фаолияти, намозхонларга қулайликлар қилиш, мўмин-мусулмонларнинг саводхонлиги ва дунёқарашини ошириш буйича имом-хатибларга зарур топшириқ ва тавсиялар берилди.

Масжид жамоаси билан бўлган суҳбатларда мутасаддилар бугунги кунда давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган дин соҳасидаги улкан ўзгаришлар, Яратган Парвардигорнинг бундай берган неъматларига шукрона келтириш ҳақида сўз юритдилар.
Учрашувда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мўмин-мусулмонларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш бугунги кунда давлатимиз Раҳбари томонидан бош мақсад қилиб қўйилганини таъкидладилар. Шунингдек, кишиларнинг диний-маърифий саводхонлигини ошириш, имон-эътиқодини мустаҳкамлаш, Ислом динининг эзгу таълимотларини тарқатиш асосий мақсад эканини таъкидладилар.
Муфтий ҳазратлари бугунги доно сиёсатни кенг тарғиб этиш ва динимиз, она-Ватанимизни ҳимоя қилишда ҳамма муносиб ҳисса қўшиши ҳам фарз, ҳам қарз эканини изоҳладилар. Ҳозирги кунда жадал ривожланаётган юртимизни гуллаб яшнашига барча баробар масъул эканини алоҳида айтиб, кенг имконият ва имтиёзлар бераётган Юртбошимиз ҳақларига дуои хайрлар қилдилар.
Учрашувлар дўстона ва самимий руҳда ўтмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1331 times

Янгиликлар

Top