Ўзбекистон янгиликлари

Ҳомиджон домла Ишматбеков: "Мусулмон биринчи навбатда ақида илмини ўрганиши шарт"

Хабарингиз бор, Муфтий ҳазратлари бошчилигидаги бир қатор уламолар Андижон вилоятига ташриф буюриб, жоме масжидлар, маҳалла гузарлари, олис ва чекка ҳудудларда кенг жамоатчилик билан маънавий-маърифий учрашувлар, аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабарлар олишмоқда. Ушбу хайрли ишларнинг узвий давоми сифатида бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков муборак жума намозини Андижон вилояти Хўжаобод туманида жойлашган "Етти чинор" жоме масжидида минглаб намозхонлар билан бирга-бирга адо этдилар.

Ҳомиджон домла "Ақидада адашмайлик" мавзусида қилган маърузаларида ақида – инсон ҳаётида одоб-ахлоқ, ибодат, олди-берди алоқалари ва барча илмлардан муҳимроқ ўрин тутиши, чунки инсон Исломни қабул қилгандан сўнг, биринчи навбатда унинг зиммасига ибодатларни ўрганишдан ҳам аввал ақида илмини ўрганиш вожиб бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Шундан сўнг, жума намози намозхонлар билан биргаликда адо этилиб, халқимиз, юртимиз ҳаққига дуои хайрлар қилинди. Муҳтарам устоз Ҳомиджон домла намозхонлар билан учрашиб, уларнинг қизиқтирган саволларига жавоблар бердилар, ҳаққига дуолар қилдилар.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 1769 times

Янгиликлар

Top