Ўзбекистон янгиликлари

Шоазим Миноваров: Оқсоқолларимизда шукроналик, донишмандлик ва нуронийлик мужассам

Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш бўйича янги тизимга асос солингани ўзининг амалий ва ижобий натижаларини бераётгани маълум.

Шу йўналишда диний соҳа раҳбарлари, бир гуруҳ уламолар водий вилоятларида хизмат сафарида бўлиб, халқ билан мулоқот қилиб, одамларнинг дарду ташвишлари билан яшаш ва ишлаш йўлидаги фаолиятларига ўзгача мазмун, кўтаринки руҳ олиб кириб, бундай ишларни янги босқичга олиб чиқмоқдалар.

Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Шоазим Миноваров ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали водийдаги сафар таассуротлари ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан бўлишди:

«Бир неча кундан бери Фарғона водийсидаман. Бизнинг бойлигимиз - халқимиз, ундаги дуру-гавҳарларимиз эса кексаларимиздир. Водийнинг оқсақоллари, оппоқдодалари, ҳожибувалари, ҳожитоғалари билан суҳбатлашсангиз, олам-олам маъно, мазмун оласиз.

Қувадаги “Ювошота” зиёратгоҳида ана шундай унутилмас учрашув бўлди. Шукроналик, вазминлик, донишмандлик, ўйчанлик, нуронийлик мужассам уларда. Она ерга, Ватанга, қишлоқларига, фарзандлари, набиралари, халққа, Президентга муҳаббат, дуолар тўкилади тилларидан.

“Бетоб бўлмаса, осмонга қараб, насибам тўкил, деб ағанаб ётмаса, бизда ишсизлар йўқ”, дейди улар. “Гилос мавсуми тугаяпти, шафтоли қадоқлаш бошланяпти, кейин олма, узум бошланади", “Қўшнилар, Россия, Польшагача кетяпти меваларимиз. Ҳисоб китобини ҳам аввалгидек узоқ кутмаймиз”, дейишади.

“Ҳа, қўйди-чиқдилар, майда ўғриликлар, фирибгарликлар учраб турибди. Аммо бир бўлсак, бу масалаларни ҳал қиламиз. Бугуннинг шукронасини қилмаслик – кўрликдир. Раҳбар халқини деб тиним билмай ишлаяпти, биз ҳам унга муносиб бўлишга тинмай ҳаракат қилишимиз керак. Оширилаётган, ишланса тўлиқ берилаётган пенсия, қурилаётган уйлар, энг муҳими тинчлик учун юрт етакчисига раҳмат”, дея дуога қўл очишади...

Кафтдек текис йўлда мудроқ элитгандек бўлади, йўқ мудраш фурсати эмас, Тошлоқда ёшлар билан учрашув бор, дея янги суҳбат, савол жавобларга ҳозирлик кўра бошлайман».

Эслатиб ўтмамиз, ҳозирда диний соҳа раҳбарлари, таниқли уламо ва зиёлилардан иборат мутасадди вакилларининг водийга сафари давом этмоқда. Тафсилотларни сайтимиз ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз орқали кузатиб боринг.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1727 times

Янгиликлар

Top