Аввал, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги бир гуруҳ уламолар Наманган вилоятига ташриф буюришгани ҳақида хабар берган эдик. Бугун аср намозида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Наманган шаҳрида “Юсуфхон ўғли Қосимхон” жоме масжидига ташриф буюдилар. Меҳмонларга Наманган вилояти вакили Абдулҳай домла Турсунов ва Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов ҳамроҳлик қилмоқдилар.
Дастлаб, Муфтий ҳазрат нутқларида диний-маърифий соҳани ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, бугунги кунда масжидларда олиб борилаётган қайта қуриш ва ободончилик ишлари таҳсинга сазовор экани, хусусан мазкур янги масжид биноси, таҳоратхоналарини қуришда ҳам замон, ҳам шаръий одобларнинг дақиқ жиҳатлари эътиборга олинган ҳолда бунёд этилгани, ҳар куни юртимизнинг турли вилоятларидан янги-янги масжид қурилаётгани ёки қуриб битказилиб, ишга тушгани ва яна яхши хушхабарлар кутилаётгани, айни замонда имом-домлалар, муддарисларимиз ҳам халқимизга, айниқса, ёшларимизга Ислом дини маърифатини етказиш, уларнинг таълим-тарбиясини яхшилаш ва эзгуликлар тарқатиш ишида жуда ҳам фаол бўлишлари зарурлигини таъкидладилар.
Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков бугунги куннинг долзаб мавзуларидан бўлмин ёшларнинг тарбияси, одоб-ахлоқи бўйича, бағрикенглик, ва шукроналик мавзуларида маъруза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари намозхонлар билан дилдан бўлган суҳбатлари якунида Ҳақ таоло юртимизга тинчлик-офият, файзу барака ва тан-сиҳатлик сўраб дуолар қилдилар.
Сафар жараёнларини сайтимизда ёритиб борамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати