Ўзбекистон янгиликлари

Шаҳрисабздаги икки масжид биноси янгитдан қурилмоқда

Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз шаҳридаги “Оиша она” ва Шаҳрисабз туманидаги “Янги қишлоқ-1” жоме масжидлари янги биносига илк ғишт қўйиш маросимлари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Искандар домла Халилов, Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов, Шаҳрисабз шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ва нуроний отахонлар, жамоат вакиллари билан бирга масжид пойдеворига илк ғиштни қўйишди.

Шунингдек, йиғилганлар Аллоҳ таолодан масжид қурилиш ишлари тез орада якунланиши, узоқ йиллар мўмин-мусулмонларга хизмат қилиши, масжид қурулишига ҳисса қўшаётган саховатпеша инсонлар, уста-мутахассислар, ҳашарчиларга ажру савобларни янада кўпайтириб беришини сўраб дуо қилинди.

Маълумот учун, ушбу масжидларнинг эски биноси янгитдан ҳашар ва хайрия йўли билан барпо этилади. Унинг қурилишида замонавий ва миллий меъморчилик анъаналари уйғунлаштиришга алоҳида эътибор берилади. Ҳозир масжидларнинг пойдевор ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, юз кишига хизмат кўрсатишга мўлжалланган таҳоратхоналар, маъмурий ва хизмат хоналар қуриш режа қилинган.

Динимизда масжид қуриш ёки унга ҳисса қўшишнинг савоби улуғ амаллардан. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар” (Тавба сураси, 18-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Ким Аллоҳ йўлида масжид учун битта ғишт қўйса, Аллоҳ у учун жаннатда битта қаср барпо қилади”, деганлар.

Бу дунёда қилган ҳар бир савоб амалимиз охират учун заҳирадир. Аллоҳга суюкли маконларни обод қилганларга эса жаннатда қаср бино этилади, иншоаллоҳ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1769 times

Янгиликлар

Top