Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон – бутун турк дунёсининг маънавий-маърифий маркази

Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси томонидан кеча Анқара шаҳридаги «Соҳибқирон» илмий-тадқиқот маркази билан биргаликда «Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Элчихонадан маълум қилинишича, тадбирда мустақиллик йиллари Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада эришилган ютуқлар бўйича фикр алмашилди.

Туркиялик ҳамкорларга сўнгги йилларда Ўзбекистонда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган янгиланишлар ҳақида батафсил ахборот берилди.

«Соҳибқирон» илмий-тадқиқот маркази экспертлари мамлакатимизнинг буюк аждодларимиз илмий меросини асраб авайлаш, ёш авлодни эзгу инсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, бузғунчи сохта диний қарашлар ва диний экстремизм кўринишлари тарқалишининг олдини олиш борасидаги бой ижобий тажрибасини юқори баҳолади.

Марказ раҳбари Масъуд Эмре Каракўсе Ўзбекистон – бутун туркий дунёнинг маънавий-маърифий маркази эканини таъкидлади. «Туркий оламнинг буюк маърифатпарвар олиму фузалолари Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Фарғона каби муборак заминда етишиб, бутун дунёга илму ирфон нурини таратганлар, - деди у. - Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Муъин Насафий, Бурҳонуддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд каби алломаларнинг ҳаёт йўли, бизга қолдирган мероси ҳам юқоридаги фикрни тасдиқлаб турибди».

Иширокчилар Ўзбекистонда сўнгги беш йилда ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илми олий мактаби, Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илмий мактаби каби илм даргоҳларининг соф ислом дини ривожи бўйича амалга ошираётган ишларини эътироф этди.
Маълум қилинишича, «Соҳибқирон» илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчилардан бири - Чинор Ота буюк аждодимиз Хожа Аҳрор Валий ҳаёт йўли ва мероси ҳақида илмий-адабий китоб тайёрламоқда. Ушбу китоб Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида нашр этилиши режалаштирилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1423 times

Янгиликлар

Top