Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон хавфсиз туризми Ҳиндистон ОАВларида

Ҳиндистоннинг «Anunico.in» электрон портали саҳифасида «Ўзбекистон 2021: хавфсиз саёҳат кафолатланади» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири. Унда Ўзбекистоннинг радикал диний ғояларга қарши курашиш бўйича тажрибаси атрофлича таҳлил этилган.

Хусусан, мақолада террорчилик хавф-хатарлари ортиб бораётган бир шароитда Ўзбекистон хавфсизлик ва барқарор ривожланишдаги устуворликлар билан ўз стратегиясини ишлаб чиққани қайд этилади. «Чора-тадбирлар ишлаб чиқилишининг биринчи босқичида террорчиликнинг турли кўринишларига нисбатан маъмурий-жиноий чоралар тизимининг шакллантирилишига, жумладан, меъёрий-ҳуқуқий заминни мустаҳкамлаш, ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимини такомиллаштириш, террорчилик ва унинг молиялаштирилишига қарши кураш соҳасида самарали одил судловга кўмаклашишга асосий эътибор қаратилди, - деб ёзади ҳинд портали. – Давлат қурилишини конституцияга зид равишда ўзгартиришга даъват этадиган барча ҳаракатлар фаолияти тўхтатилди».

«Anunico.in»нинг ёзишича, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон атрофида барқарорлик ва яхши қўшничилик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, диний бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатлик белбоғини яратишни мамлакат хавфсизлигини таъминлашнинг устувор йўналишлари сифатида белгилади. «Бу соҳада амалга оширилиётган ташаббуслар БМТнинг Глобал террорчиликка қарши стратегияси тамойилларига таянади», - деб таъкидлайди ҳинд портали.

Мақолада халқаро ҳамкорлик террорчиликка қарши туриш бўйича Ўзбекистон стратегиясининг ўзаги ҳисобланиши таъкидланади.

Қайд этилганидек, «Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг терроризмга қарши кураш бўйича амал қиладиган барча 13 конвенциясининг иштирокчиси ҳисобланади. Шуни ҳам айтиш жоизки, мамлакат халқаро терроризмга қарши курашни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаган».

Мақола интиҳосида Ўзбекистон дунёнинг энг хавфсиз мамлакатлари қаторидан жой олгани таъкидланади. 2020 йил ноябрида эълон қилинган “Global Terrorism Index” рейтингида Ўзбекистон 164 мамлакат орасидан 134-ўринни эгаллагани ҳинд ўқувчиларининг эътиборига ҳавола этилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1229 times

Янгиликлар

Top