Ўзбекистон янгиликлари

Ислом – тинчлик ва маърифатпарварлик дини

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташаббуси билан Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ҳамда Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси ҳамкорлигида шу мавзуда халқаро онлайн давра суҳбати ўтказилди.

ЎзА хабарига кўра, унда ташаббускор ва ҳамкор ташкилотлар билан бирга Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлар идораси раҳбар-ходимлари, шунингдек, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети, Гёте номидаги Франкфурт университетининг Ислом дини ва маданиятини ўрганиш институти, Гумбольдт номидаги Берлин университетининг Берлин Ислом илоҳиёти институти, Мюнстер университети Ислом билимлари маркази, Лейпциг университетининг Шарқшунослик институтларининг мутахассис ва тадқиқотчи олимлари мавзуга оид маърузалари билан иштирок этди.

Давра суҳбатини Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Набижон Қосимов ва Конрад Аденауэр жамғармасининг Ўрта Осиё бўйича ваколатхонаси раҳбари Ронни Ҳайне кириш сўзи билан очди.

Иштирокчилар ўз маърузаларида мамлакатимиз миқёсида олиб борилаётган диний-маърифий ислоҳотлар кўламини юксак баҳолаб, диний бағрикенгликнинг, хусусан, Исломнинг тинчлик ва маърифатпарварлик моҳиятини янада теран англаш борасида қилинаётган ишларга алоҳида эътибор қаратишди.

Маърузачилар, шунингдек, сўнгги йилларда юртимиз ҳудудида яшаб дунё тамаддунига ҳамда Ислом цивилизациясига беназир ҳисса қўшган буюк алломалар қолдирган бой илмий-маънавий меросни чуқур ўрганиш, кенг тарғиб этиш ҳамда ёшлар онгига сингдириш борасида кўрилаётган чоралар ва қилинаётган амалий ишлар мутлақ янги босқичга кўтарилганлигини қайд этдилар.

Мунозаралар давомида мамлакатимизда диний эътиқод эркинлигини, конфессиялараро ҳамжиҳатликни, қолаверса, миллатлараро тотувликни таъминлаш йўналишида амалга оширилаётган тадбирлар самаралари алоҳида эътирофга сазоворлиги таъкидланди.

Мулоқот сўнггида истиқболда диний тусдаги турли ихтилофлар эҳтимолини бутунлай бартараф қилиш, бу борада мавжуд барча куч ва имкониятларни бирлаштириш, диннинг яратувчилик, бунёдкорлик ва дунёвий тараққийпарварлик ғоялари илмий асосларини янада мустаҳкамлаш зарарурати нуқтаи назаридан, бугунги кунга қадар ҳамкорликда ўтказилаётган турли илмий-амалий тадбир ва анжуманлар салоҳиятини сезиларли даражада ошириш, Ўзбекистон ва Германиялик олим ҳамда тадқиқотчиларнинг ўзаро тажриба алмашуви ва малака оширишларини йўлга қўйиш, умумий жиҳатдан илмий алоқаларни янада ривожлантиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1019 times

Янгиликлар

Top