Ўзбекистон янгиликлари

Бухорода топилган ноёб битиклар ва 200 йиллик Қуръон қўлёзмаси (фото)

Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани «Улфатбиби» МФЙга қарашли Хўжамаҳалла қишлоғидаги «Хўжалар» масжиди шифтидан ноёб битиклар ҳамда Қуръон китобининг 200 йиллик қўлёзма нусхаси топилди.

Таъкидланишича, «Хўжалар» масжиди 1924 йилда қурилган бўлиб, қатағон йилларидан бошлаб масжид оёғости қилинган ва бинодан узоқ йиллар давомида пахта қуритиш пункти ҳамда дон, ғалла омборхонаси сифатида фойдаланиб келинган. Мустақиллик йилларида эса бинода наридан бери маданий-оқартув ишлари амалга оширилган. 2018 йилда эса кўримсиз ҳолга келган масжид биносининг ташқи кўриниши ҳомийлар кўмагида замонавий қиёфага келтирилган.

Шунга кўра, мутасаддилар қадимги савдо йўли — Буюк ипак йўли ёқасида жойлашган хонақоҳ сифатидаги ушбу масжиднинг кўркамлигини янада ошириш чора-тадбирларини белгилаган.

«Масжиднинг энг қимматли ва ноёб жиҳати унинг ичкарисидаги хаттотлик битиклари — ёзувларидир. Масжиддаги ёзувлар настаълиқ хатида форс тилида битилган. Ҳуснихати ниҳоятда гўзал қора бўёқда бажарилган. Унда қурилган санаси 1343-ҳижрий  (милодий 1924 йил) эканини кўрсатади», — дейди вилоят маданий мерос агентлиги бадиий экспертиза бўлими бошлиғи Умид Жумаев.

Билдирилишича, мазкур масжид маданий мерос ёдгорлиги сифатида рўйхатга олиниб, давлат муҳофазасига ўтказилади.

«Бир гўзал мақсадлар билан масжидда иш бошлаб, унинг эски ва кўримсиз шифт қисми очилаётган вақтда ноёб битиклар ҳамда қадимий қўлёзмада ёзилган Қуръон китоби чиқди. Бу ҳаммамизни ҳайратлантирди ва Аллоҳнинг уйи ҳисобланган ҳар бир масжид ҳали биз билмаган мўъжизаларга бой эканини яна бир карра исботлади. Ўрганувларга кўра, ушбу Қуръон китобининг қўлёзма шакли қарийб икки асрлик тарихга эга», — дейди «Хўжалар» масжиди имом-хатиби Ҳасан Ражабов.

Бухоро давлат музей-қўриқхона «Ҳужжатлар» фонди илмий ходими,  шарқшунос Ахтам Аҳмедов масжид шифтидан топилган ноёб битикларда Саъдий Шерозийнинг шоҳ байтлари, ҳадислар ва тасаввуфга оид ҳикматлар, тиббий тавсиялар мавжудлигини билдирган. Ушбу битиклар «фақир банда Абдураҳмон» томонидан ёзиб қолдирилгани маълум бўлган. Улар ноёб тарихий топилма сифатида масжидда қолдирилган.

Айни пайтда масжид шифтидан топилган ноёб битиклар ҳамда  Қуръон қўлёзмасига оид изланишлар олиб борилмоқда.

 

azon.uz

Read 1493 times

Янгиликлар

Top