Ўзбекистон янгиликлари

Уламолар ташрифи ҳар томонлама манфаатли бўлмоқда

Кеча, 22 июль куни юртимизнинг таниқли уламоларининг Самарқанд вилоятидаги шаҳар ва туманларига ташрифи бошланди.

Сафар давомида уламолар маънавий-маърифий учрашувлар, ҳудудлардаги аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар, жоме масжидларда маърифий суҳбатлар ўтказиш баробарида эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов ва раис маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов Самарқанд шаҳридаги “Шоҳи Зинда” жоме масжиди, бўлим мудири Эрдон домла Эсонов шаҳардаги “Хўжа Абду Дарун” да пешин намозини адо этиб, бу ерга келган намозхонлар билан суҳбатлашдилар.

Суҳбат чоғида юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар, шукрнинг фазилати ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, бугунги кунда коронавирус пандемияси сабабли республика комиссияси томонидан белгиланган карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш зарурлиги таъкидланди.

Ташриф доирасида маҳаллалардаги эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга ҳадялар улашилмоқда.
Маълумот учун, бугун, 23 июль куни юртимизнинг таниқли уламолари Ургут, Тайлоқ, Булунғур ва Жомбой туманларига ташриф буюришади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1601 times

Янгиликлар

Top