Ўзбекистон янгиликлари

Масжиднинг янги биноси барпо этилмоқда

Аллоҳга беадад шукрки, юртимиз масжидлари кундан-кунга обод бўлмоқда. Уларнинг кўпи замонавий шаклда таъмирланиб, чиройли ва қулай ҳолатга келтирилмоқда. Халқимиз бундай масжидларда ибодатларини адо этаётганларидан мамнун. Бу каби хайрли ишлар диний қадриятларимизга улкан эътибор натижасидир.

Ана шундай бунёдкорлик ишларининг узвий давоми сифатида Амударё тумани “Қипчоқ ШФЙ” ҳудудида “Ҳожи эшон” масжидининг янги биносини шаҳарсозлик меъёр ва қоидаларига мувофиқ қайта қуриш ишлари бошланди. Ушбу масжид Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ташаббуси билан бунёд этилмоқда.

Лойиҳага кўра, жоме намозхонлар учун ҳар томонлама қулай ва шинам бўлишига алоҳида эътибор қаратилган. Унинг қурилишига энг моҳир уста ва муҳандислар жалб этилган.

Масжид обод этишнинг савоби ниҳоятда улуғ. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.

Дарҳақиқат, масжидлар ободлиги юрт ободлигидир. Зеро, масжидга ибодат қилиш учун келган халқимиз она-Ватан тинчлиги, халқ осойишталигини сўраб, дуо қилишади. Бу дуоларнинг шарофати ила Яратган юртимизни янада фаровон қилади, неъматларини янада зиёда қилиб беради.

Янги барпо этилаётган ушбу жоме масжид халқимиз учун катта туҳфа бўлади, иншоаллоҳ.

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти Ахборот хизмати

Read 1255 times

Янгиликлар

Top