Самарқанд вилоятида йил охирига қадар ҳалол стандартларига жавоб берадиган 70 га яқин меҳмонхона очилади.
Зиёрат туризми учун мослаштирилган меҳмонхоналар сони йил охиригача 24 тага кўпайтирилади, ҳозирда уларнинг 15 таси мавжуд. "Самаркандский вестник" газетасига кўра, бу ҳақда Самарқанд вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Нарзиқулов матбуот анжуманида маълум қилган.
Тадбирда Самарқандда пандемия даврида туризмнинг қай даражада ривожлангани, жорий йилнинг олти ойи давомида сайёҳлар оқими ўтган йилга нисбатан ошгани, сайёҳларни жалб қилиш мақсадида барпо этилаётган туристик йўналишлар борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди, хабар бермоқда “Зарафшон” газетаси.
– Бугунги кунда вилоятимизда 171 та меҳмонхона, 217 та оилавий меҳмон уйлари, 136 та туристик синфга мансуб автобус, 126 та микроавтобус ва 20 та электромобил, 181 та туроператорлар ҳамда 336 та гид-таржимонлар томонидан маҳаллий ва хорижий фуқароларга сайёҳлик хизматлари кўрсатиб келмоқда, - дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Д.Нарзиқулов. – Бу йилги пандемия шароитида ҳам сайёҳлар оқими вилоятимизда камаймади, аксинча йилнинг олти ойида улар сони ошди. Жумладан, 2020 йил давомида 633 194 нафар сайёҳ ташриф буюрган бўлса, жорий йилнинг олти ойи давомида улар сони 1 миллион нафарга етди. Уларнинг 54 минг нафардан ортиғи хорижий сайёҳлардир.
Пандемия шароитида туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 39 та меҳмонхона ва туроператорлик ташкилотларига ходимларини сақлаб туриш, уларнинг ойлик иш ҳақларини тўлаш учун 2,1 миллиард сўм миқдорида фоизсиз мақсадли ссудалар ажратилди. Тадбиркорлик субъектларининг харажатлари, олдин олган кредитларини қоплаш учун 27 та тадбиркорлик субъектининг 38 миллиард 911 миллион сўм миқдоридаги кредитларининг фоиз харажатлари қисман субсидияланди.
Самарқанд туманидаги Конигил қишлоғи республикада биринчилардан бўлиб “Туризм қишлоғи” сифатида ўз фаолиятини бошлади ва “Туризм қишлоғи” сертификатни қўлга киритди. Қишлоқда биринчи босқич ишлар якунига етиб, пиёдалар йўлаги, 38 та туристик ҳамда хизмат кўрсатиш объектлари фаолиятини бошлаган. Иккинчи босқичда ҳам 100 та туристик объект ва хизмат кўрсатиш нуқталари ташкил этиш бўйича амалий ишлар бошланди.
Шунингдек, 2021 йилда Амир Темур барпо этган Боғибаланд (анжирзор) маҳалласи “туристик маҳалла”га, Пайариқ тумани Чоштепа ва Ургут туманидаги Терсак қишлоғи “туризм қишлоқ”ларига айлантирилади. Шу мақсадда июнь ойида Терсак қишлоғида бир кунда 25 та оилавий меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати