Европанинг “EU Reporter” интернет-нашри саҳифасида Самарқанднинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА. Унда “Самарқанднинг Ипак йўли” деб номланган ноёб сайёҳлик мажмуи барпо этилаётгани билан боғлиқ атрофлича маълумотлар европалик ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.
Нашрнинг ёзишича, мазкур кўп тармоқли мажмуа 2022 йили очилади. У нафақат кўҳна Самарқанд шаҳрининг, балки бутун Марказий Осиёнинг замонавий диққатга сазовор маскани бўлиб қолади ва маданий, гастрономик, тиббий ҳамда ишбилармонлик сайёҳлигининг ноёб объектига айланади.
Мақолада қайд этилишича, ушбу мажмуанинг номи онгли равишда танланган. Тарихдан маълумки, эрамиздан олдинги II асрдан то эрамизнинг XV асригача Буюк Ипак йўлининг йўналишлари ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтган, қадимги Самарқанд эса савдо карвонлари тўхтаб ўтадиган энг муҳим бўғинларидан бири бўлган.
“EU Reporter” интернет-нашри маълум қилганидек, мажмуа шаҳарнинг шарқий қисмида жойлашган бўлиб, кенглиги 260 гектар майдондан иборат. Унинг марказида Самарқанд эшкак эшиш каналининг сув йўли бор. Янги мажмуадан жаҳон андозаларидаги замонавий меҳмонхоналар, ихтисослашган бутик-отеллар, замонавий сайилгоҳлар, хиёбонлар, дам олиш ва спорт худудлари, ресторан, кафе ва барлар, конгресс-холл ҳамда турли маданий объектлар жой олади. Халқаро меъморлар ва муҳандислар жамоаси томонидан ишлаб чиқилган замонавий лойиҳа Марказий Осиё минтақасида ўхшаши бўлмаган ва турли мавзуларни ўзида акс эттирувчи мувозанатлаштирилган меъморий ансамблдан завқланиш имконини беради.
Муаллифларнинг таъкидлашича, “Самарқанднинг Ипак йўли” мажмуаси шаҳар аҳолиси, бутун дунё сайёҳлари ва бизнесменлари катта қониқиш билан хордиқ чиқарадиган халқаро сайёҳлик марказига айланади, мажмуанинг очилиши эса Самарқанд сайёҳлик тарихидаги янги даврнинг ибтидоси бўлиб қолади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати