Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Махсус маърузачи янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилинишини қутлар экан, мазкур ҳужжат диний эркинликни таъминлаш бўйича қонунчилик тизимига кўплаб ижобий ўзгаришлар олиб келганини таъкидлади.
Суҳбат чоғида ушбу қонуннинг қабул қилиниши барча динлар ва эътиқодлар учун инклюзив маконни қўллаб-қувватлаш имконини берувчи самарали ҳуқуқ-тартиботни таъминлашга қаратилган ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб бергани қайд этилди.
Аҳмад Шаҳид Ўзбекистон ҳукуматининг унинг офиси ва бошқа халқаро тузилмалар ҳамда экспертлар ҳамжамияти билан ҳамкорлигининг изчиллигига юқори баҳо бериб, мамлакатимиз билан ўрнатилган конструктив мулоқотни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлади.
Шу нуқтаи назардан, Аҳмад Шаҳид жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистонга сафар қилиб, Нью-Йорк шаҳри университети (CUNY-RBI) ҳузуридаги Ральф Банч номидаги халқаро тадқиқотлар институти ва Эссекс университети ҳуқуқшунослик мактаби (Essex-HRC) ёрдамида техник кўмак дастурини ишга туширишга тайёрлигини маълум қилди.
Сафар дастурида тегишли давлат идоралари, фуқаролик жамияти ва диний ташкилотлар вакиллари учун қатор семинар ва тренинглар ўтказиш кўзда тутилган. Шунингдек, БМТ доирасида қўлланилаётган инсон ҳуқуқлари кўрсаткичларига асосланган миллий мониторинг ва баҳолаш тизимини ишлаб чиқишда маслаҳат ёрдами кўрсатилади.
БМТ махсус маърузачиси «Декларациялар мулоқоти» халқаро форумини ўтказиш режасини олқишлаб, мазкур анжуман якунлари бўйича «Бухоро декларацияси» қабул қилиниши алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади. У Ўзбекистон тарихан диний ва конфессионал хилма-хилликнинг бой меросига эга маърифатли ислом маркази бўлиб келган, деб фикр билдирди.
Аҳмад Шаҳид «Бухоро декларация»си лойиҳасини ишлаб чиқишда зарур маслаҳат ёрдами кўрсатишини, шунингдек, декабрь ойида ушбу халқаро конференция ишида иштирок этиш учун Ўзбекистонга яна бир бор сафар қилишини тасдиқлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати