Ўзбекистон янгиликлари

МАҚСАД АНИҚ – МАНЗИЛ ЙИРОҚМАС

Инсонни азизу мукаррам қилиб яратиб уни ақлу тафаккур ила сарафроз этган ва яна Ислом дини билан шарафлаган Аллоҳ таолога зоти сифатига мос ҳамду санолар;

Оламларнинг яралишига сабабчи бўлган, инсониятни жоҳилликдан комилликка олиб чиққан севикли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловотлар;

Муқаддас динимиз аҳкомларидан таълим бериб келган саҳобаи киромларга, салафу солиҳларга, азизу авлиёларга, ошиқу орифларга саломлар бўлсин!

Яратганга беадад шукрки, барча соҳада рўй бераётган юксалишлар муқаддас динимиз равнақида ҳам намоён бўлмоқда. Муҳтарам президентимизнинг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз тараққиётида янги босқични бошлаб берди.

Давлатимиз раҳбарининг беш тамойилдан иборат ушбу ҳаётбахш стратегиясини донишманд халқимиз катта хайрихоҳлик билан кутиб олиб, унинг ижросига ҳар бир соҳа, ҳар бир инсон ўз имконияти доирасида камарбаста  бўлмоқда.

Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам самарали равишда ижро этилмоқда. Бу борадаги ишлар жадал бориши учун Давлат дастурининг ижроси бўйича аниқ ижрочилари кўрсатилган ҳолда ички чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Шу билан бирга ЎМИнинг ички буйруғи асосида ушбу режани амалга ошириш учун масъул бўлган раҳбар ҳамда малакали мутахассислар жалб қилиниши белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Диний соҳада Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси лойиҳасига доир аниқ таклифлар тақдим этди.

Республикамизда “2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши муносабати билан ЎМИ ва унинг тизимидаги барча муассасаларда ишлаб чиқилган режалар, дастурлар ва белгиланган тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

2017 йилнинг биринчи чорагида ЎМИнинг Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги вакилликлари, масжидларнинг имом-хатиблари ҳамда диний таълим муассасаларининг мударрис ва ходимлари ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, ёш авлодни диний бағрикенглик руҳида тарбиялаш, уларни диний экстремизм хатаридан ҳимоя қилишга йўналтирилган бир қатор учрашув, семинар ва давра суҳбатларида иштирок этдилар. Диний ақидапарстликка мойиллиги бўлган шахслар ва уларнинг оила аъзолари билан якка тартибда профилактик суҳбатлар ўтказдилар.

Миссионерлик ва прозелитизмга қарши кураш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, ўз жонига қасд қилишларга барҳам бериш чора-тадбирларига қаратилган тадбирларда, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида ташкил этилган маънавий-маърифий йиғилишларда иқтидорли имом-хатиблар иштирок этдилар.

Вакиллик ходимлари, имом-хатиблар ва имом ноиблари ОИТСга қарши курашишга бағишланган тадбирларда таъсирчан маърузалар қилдилар.

Марказий нашрларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакиллари ҳамда имом-хатиблар долзарб мавзуларда мақолалар эълон қилдилар. Маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этиб тушунтириш ишларини олиб бордилар. Хусусан, ЎМИнинг Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги вакилликлари ҳамда масжидларнинг имом-хатиблари фуқаролар йиғини раислари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар билан ҳамкорликда маҳалла, олий ўқув юртлари, мактаб, коллеж ва лицейларда ўтказилган йиғилишларда қариндош-уруғлар ўртасида бўладиган никоҳнинг, оила қуришга тайёр бўлмаган ёш қизларни турмушга беришнинг салбий оқибатларини тушунтирдилар.

Бош имом-хатибларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари маърифатли отинойилар ҳамда маҳалладаги диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар билан ҳамкорликда диний экстремистик оқимга мансуб аёллар билан якка тартибда суҳбат ташкил этдилар.

Шунингдек, эрта турмуш қуриш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш, тўй, маърака ва маросимларни исрофгарчиликларсиз ўтказиш бўйича қатор тадбирлар ўтказилди.

ЎМИ тасарруфидаги диний таълим муассасалари учун ёшлар ўртасида диний экстремизм ва терроризм, миссионерлик, оломон маданияти, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар режаси тасдиқланди ва ижро учун таълим муассасаларига етказилди.

ЎМИнинг www.muslim.uz порталида янги жорий қилинган тезкор “савол-жавоб” рукнига фуқаролардан келган саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатво ҳайъати жавоб берди. Ўтган ҳисобот даврида порталда кўплаб видеолавҳалар, аудиолавҳалар, мақолалар ва янгиликлар эълон қилинди.

Муҳим янгиликлар, хабарлар ва долзарб мақолалар порталнинг бош саҳифасига жойлаштирилмоқда. Ўз навбатида ушбу матералларнинг қисқа ва лўндалиги, илмий асосга эгалиги ва таъсирчан руҳда бўлишига эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида фуқароларни қабул қилиш тартибли равишда амалга оширилди. Фуқароларнинг мурожаатлари “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилди.

ЎМИнинг даврий нашрлари бўлган “Ислом нури” газетаси ва “Ҳидоят” журналида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан одоб-ахлоқ, фарзанд тарбияси ва бошқа долзарб мавзулардаги мақолалар чоп этилмоқда.

“Моваруннаҳр” нашриёти мунтазам равишда ёшларнинг ҳар хил зарарли оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишга қаратилган адабиётлар нашр этиб келмоқда. Бу йил ҳам ана шу хайрли ишни давом эттираётир. Муаллифлар О.Юсупов ва Ҳ.Икромова нашрга тайёрлаган “Ислом маърифати – жаҳолатга қарши” китоби шулар жумласидандир.

Имом Бухорий халқаро марказининг “Имом Бухорий сабоқлари” журналида таниқли тарихчи, манбашунос, шарқшунос, исломшунос олимлари билан бир қаторда ёш тадқиқотчилар ҳамда юртимиз масжидларида фаолият олиб бораётган имом-хатибларнинг ислом дини ва унинг ҳаётбахш ғоялари, диний бағрикенглик, диний ва миллий қадриятларимизни тараннум этувчи мақолалари, шунинг билан бирга муборак ислом дини ғояларини бузиб талқин қилаётган бузғунчи оқимларнинг асл мақсадларини фош этувчи маълумотлар акс этган илмий мақолалар нашр этилди.

Янгиликларни кузатиб бораётган юртдошларимиз худди шундай кўтаринки руҳдаги ишлар бошқа соҳаларда ҳам давом этаётганига гувоҳ бўлмоқда. Бинобарин, кўп миллатли, турли динларга эътиқод қилувчи Ўзбекистон халқи бир ғоя атрофида мустаҳкам жипслашган. Бу ғоя – Ватанни юксалтириш ғоясидир.

Муҳтарам юртбошимиз ишлаб чиққан Ҳаракатлар стратегиясининг амалга жорий этилишида шахдимиз сўнмасдан давом этаверсак, яқин йилларда дунёнинг энг ривожланган давлатлари сафидан жой оламиз, иншоаллоҳ!  

Иброҳим ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

 

 

 

 

Read 4888 times

Янгиликлар

Top