Ўзбекистон янгиликлари

Қозоғистонда 30 минг кишилик янги масжид қурилади

Нурсултонда қурилаётган янги масжид атрофида катта парк барпо этилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокими Олтой Кулгинов инстаграм саҳифасида маълум қилди, дея islom.uz хабар берди. Бу ўз навбатида Марказий Осиёдаги энг катта масжид бўлади.

Ҳозирги вақтда ҳудудни ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

«Янги жамоат майдони шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари учун диққатга сазовор маскан, очиқ ҳавода вақт ўтказиш учун қулай жойга айланади», дейди шаҳар раҳбари.

Боғнинг марказий хиёбонида кичик меъморий шакллар, ҳар хил соябонлари бўлган 300 метр узунликдаги фаввора бўлади.

«Йилдан-йилга биз бу ҳудудни кўкаламзорлаштирамиз, шаҳарда ўзига хос яшил оролчаларни барпо қиламиз. Шунингдек, муҳандислик тармоқлари ва коммуникацияларни ётқизиш бўйича иш олиб бораяпмиз», - деди ҳоким.

Янги масжиднинг асосий гумбазининг баландлиги деярли 90 метрни, миноралар эса 130 метр баландликда кўтарилади. Масжид сиғими 30 минг кишига мўлжалланади. Масжид қурилиши элбоши Нурсултон Назарбоев номидан ҳомийлик ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1210 times

Янгиликлар

Top