Ўзбекистон янгиликлари

Аллоҳ таолога бандаларининг севимлироғи шукрли ва сабрли бўлганидир

Таниқли уламо, Тошкент шаҳар “Убай ибн Каъб” масжиди имом-хатиби Абдуҳаким қори Матқулов Бухоро вилояти сафаринининг илк ташрифини Бухоро шаҳридаги “Волидаи Абдулазизхон” жоме масжидидан бошлади. Дастлаб масжид жамоати пешин намозини адо этди. Сўнгра қавм мавъиза тинглади.

Маърифий учрашувда Абдулҳаким қори юртимиз Истиқлолининг 30 йиллик тўйи билан йиғилганларни қутлаб, ушбу йилларда юртимизда амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотлар, диний соҳа ходимларига кўрсатилаётган эҳтиром ва имкониятлар ҳақида сўзлаб, шукр фазилати ҳақида таъсирли мавъиза қилиб бердилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир қанча оятларида шукр қилувчиларни мадҳ қилган. Жумладан, Бақара сурасида шундай марҳамат қилди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).

Саид ибн Жубайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши шундай деганлар: “Бандаларнинг Аллоҳ таолога севимлироғи шукрли ва сабрли бандадир – мусибат келса, сабр қилади, неъмат берилса, шукр қилади” (Имом Аҳмад ва Имом Табарий ривоятлари).

Якунда юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1207 times

Янгиликлар

Top