Ўзбекистон янгиликлари

Инсонларга ташаккур айтмаган киши Ҳақ таолога ҳам шукр қилмайди

Бухоро сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири, “Шайх Зиёвуддинхон” масжиди имом-хатиби Эрдон Эсонов Бухоро шаҳридаги “Халифа Худойдод” масжидига ташриф буюриб, пешин намозини жамоат билан адо этиб, йиғилганларга “Шукроналик – энг олий неъмат” мавзусида маъруза қилиб бердилар.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратиб, унга сон-саноқсиз неъматлар ва туганмас яхшиликларни ато қилди. Бу неъмат ва яхшиликлари билан инсонни бошқа яратилганлардан афзал қилди. Агар бандалар шукр қилсалар, уларга неъматларини зиёда қилишини ваъда қилди ва итоат қилсалар бу неъматлар давомийлиги ва боқийлигининг кафолатини берди.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шукр ҳақида бундай деганлар: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким инсонларга ташаккур айтмаса, улардан миннатдор бўлмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди. Неъматлар ҳақида гапириш – шукрдир. Уни гапирмаслик эса –ношукурликдир. Жамоат билан юриш – раҳматдир. Ёлғизлик эса – азобдир”, – дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Демак, бирор нарсага етиша олмаган одам, аввало, ўзидаги мавжуд нарсаларга назар солиш ва борига шукр қилиш лозим.

Маърифий суҳбат давомида намозхонлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, якунда хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1283 times

Янгиликлар

Top