Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилиши доирасида мамлакатимизда меҳмон бўлган Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир бошчилигидаги делегация кеча Самарқандга ташриф буюрди.
Меҳмонлар Пайариқ туманидаги Имом Бухорий қадамжосини зиёрат қилди. Айни пайтда бу ерда амалга оширилаётган реконструкция жараёнлари, зиёрат туризми учун яратилаётган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ислом тараққиёт банки президенти Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган марказда буюк муҳаддис ва алломалар илмий меросини ўрганиш борасида олиб борилаётган ишлар, нодир қўлёзма асарлар сақланаётган кутубхона ва музей меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган Мовароуннаҳр алломалари илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасидаги ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш истиқболлари тўғрисида ўзаро фикр алмашилди.
– Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоасининг илм йўлида эришаётган муваффақиятларини Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг яққол самараси сифатида баҳолайман ва Марказнинг ислом дини ривожи йўлида амалга ошираётган хизматларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайман, – деди Муҳаммад ал-Жассир жаноблари.
Шунингдек, юқори мартабали меҳмон марказнинг фахрий меҳмонлар китобида ҳам ўз дил сўзларини ёзиб қолдирди.
Жумладан, Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир “Имом Бухорий ҳаёти ва илмий фаолиятини кенг оммага етказиш йўлида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида амалга оширилаётган самарали ишларни кўриб жуда мамнун бўлдим. Марказнинг хайрли ишларида улкан муваффақиятлар тилаб қоламан” деб ўз дастхатини қолдирди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА