Ўзбекистон янгиликлари

Ҳадис мактабига Ҳанафий мазҳаби бўйича етук мутахассис олим жалб қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этишга оид берилган топшириқ ва таклифларда мактаб ўқув жараёнларига хориждаги нуфузли таълим муассасаларининг ижобий ютуқ ва тажрибаларини татбиқ қилиш ҳамда хорижий малакали мутахассисларни дарс машғулотларига жалб этиш орқали ўзаро тажриба алмашиш масаласи алоҳида таъкидланган эди.

Шу мақсадда, мактаб ўқув жараёнларига ўтган ўқув йилларида Миср Араб Республикасининг Ал-Азҳар университетидан ҳадис илми фанлари доктори, профессор Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмон ҳамда балоғат ва мунозара фанлари доктори, профессор Али Саад Али Саад жалб этилди.

Янги 2021-2022 ўқув йилидан Ал-Азҳар университетининг Ҳанафий мазҳаби асосида фиқҳ ва усулул фиқҳ фанларини ўқитишдаги ўзига хос жиҳатларини ўрганиш мақсадида мактаб ўқув жараёнларига мазкур мутахассислик фанлари бўйича Ал-Азҳар университетидан Ҳанафий мазҳабининг етук олими Шайх Муҳаммад Жамолуддин Ҳошим дарс машғулотларига жалб қилинди.

Бугун, 2021 йилнинг 9 сентябр куни Шайх Муҳаммад Жамолуддин Ҳошим Ҳадис илми мактабига ташриф буюрди. Ташриф аввалида мактаб ўқитувчи ва талабалари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда мактаб ректори Олимхон домла Юсупов муҳтарам шайхга мактабни ташкил этишдан кўзда тутилган мақсад ва келажакда ундан кутилаётган натижалар, мутахассислик ўқув режасидаги фанларнинг таркиби ва ўқитишдаги ўзига хос хусусиятлар тўғрисида маълумот берди.

Давра суҳбатида Шайх Жамолуддин  Ҳошим ислом динида илм ўрганишнинг шарафи ва талабаларнинг вазифалари тўғрисида ўз тавсияларини берди.

Жумладан, муҳтарам шайх ўз маърузасида: “Мен сиз азизларни кўриб турганимдан жуда хурсандман. Зеро, сиз толиби илмлар бутун Ўзбекистон диёридан саралаб олинган иқтидорли талабасизлар. Сиз бу диёрда таълим соҳасини ривожлантирсангиз, миллатни тирилтирасиз. Сизлар илм қибласи бўлишингиз керак. Бизга қадар етиб келган илмий меросни чуқур ўзлаштирган ҳолда уни тўлалигича кейинги авлодга етказишингиз лозим”, – деб таъкидлади.

Давра суҳбати якунида Шайх Жамолуддин  Ҳошим мактабдаги устоз ва талабалар ҳақига ҳамда диёримиздан ўтган уламолар, азиз авлиёларни хотирлаб дуо қилди.

Манфаатли ва кўтаринки руҳда ўтган давра суҳбатидан сўнг муҳтарам шайх мактабдаги дастлабки дарс машғулотларини бошлади.

Қуйида Шайх Муҳаммад Жамолуддин Ҳошим ҳақида қисқача маълумотни тақдим этамиз:

Шайх Муҳаммад Жамолуддин Ҳошим 1961 йилда Миср Араб Республикасининг Усют шаҳридаги зиёли оилада таваллуд топган. 1966-1972 йилларда Ал-Азҳар университетининг бошланғич мактабида ўқиган. Сўнг 1975 йилда Ал-Азҳар университетининг иъдодия, 1979 йилда санавия босқичини тугатган.

Шайх Жамолуддин 1979-1984 йилларда Ал-Азҳар университетининг Шариат ва Қонун таълим йўналиши бўйича бакалавриат, 1984-1987 йилларда мазкур мутахассислик бўйича магистрлик босқичида таҳсил олган.

Шайх Муҳаммад Жамолиддин Ҳошим Ал-Азҳар университетида шаръий илмлар, хусусан, ҳанафий фиқҳи бўйича узоқ йиллар таълим берган. Бундан ташқари, Шайх Жамолуддин 13 йил давомида Ливандаги Тороблис университетининг Таълим ва тарбия факультетида, Дорул фатво қошидаги Ливан Азҳарида, Тороблис университетидаги Шариат ва исломий илмлар факультетида фиқҳ, замонавий фиқҳий масалалар, ҳукм оятлари тафсири ва Ислом ақидаси фанларидан дарс берган.

Шайх Ливан давлатидан Мисрга қайтиб, Усютдаги Ал-Азҳар университетининг санавия босқичида дарс беришни давом эттирган. Сўнг Қоҳирада Азҳари шарифда ҳам ҳанафий фиқҳидан дарс берган. Шайх Жамолуддиннинг дарслари Миср фатво ҳайъати ва Азҳар шайхлари уюшмаси томонидан ёзиб олинган.

Шайх Муҳаммад Жамолуддин Ҳошим узоқ йиллар давомида ҳанафий фиқҳидан Ҳидоя, Ихтиёр литаълилил мухтор, Нурул ийзоҳ, Мароқил фалоҳ, Сабилул фалоҳ, Фатҳу бобил иъноя, Мухтасари Қудурий, Лубоб шарҳул китоб, Лубоб фий жамъис суннати вал китоб, Туҳфатул мулук, Ибн Ражаб Ҳанбалийнинг “Тўрт мазҳабдан бошқасига эргашувчиларга раддия” рисоласи, Абдулваҳҳоб Ҳаллофнинг “Усулул фиқҳ” китоби, Усулуш Шоший, Насаматул асҳор, Қосим Қутлубғонинг “Хулосатул афкор шарҳу мухтасарил манор” ва бошқа китоблардан дарс берган.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 Ҳадис илми мактаби

Матбуот хизмати

Read 1119 times

Янгиликлар

Top