Ўзбекистон янгиликлари

Инсонни қадрлаш – исломий қадрият

 Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан кексаларни эъзозлаш, уларнинг йиллар мобайнида тўпланган бебаҳо маслаҳатлари, ҳаётий тажрибаларидан унумли фойдаланиш юзасидан бир қатор таклифлар киритилиб, кун тартибига қўйилмоқда. 

 Шу жумладан, баркамол авлодни маънан баркамол қилиб тарбиялашда, динимиздаги меҳр-оқибат, раҳм-шавқат, атрофимиздаги кишилардан хабар олиб туриш каби хислатларни ёшларнинг қалбига сингдириб, улғайтиришимиз миллий урф-одат, анъана ва қадриятларимизни нақадар улуғлигининг белгисидир.

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Сизлардан яхшиларингиз умри узоқ ва яхши амалларда бардавом бўлганларингиздир”.

 Луқмони Хакимдан: “Нега ҳадеб ўғлингизга насиҳат қилаверасиз?”, деб сўрадилар. “Кексаларнинг насиҳати ёшлар учун боғбон ниҳолни тарбия қилган кабидир”, деб жавоб берибди. Қайси бир кишига Аллоҳ шундай умрни тақдир қилган экан, ҳеч шубҳасиз, бу инсон бахтлилар қаторидадир.

 “9май – Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан жорий йилнинг 4май куни Тошкент ислом институтида талаб қизларнинг “Ижтимоий фанлар” кафедраси профессори Икромова Ҳабиба устозва ҳисобчи Қундуз ҳожи она Усмонова билан учрашув бўлиб ўтди.

 Ушбу дийдорлашув давомида улуғ онахонлар талаба қизларга ўзларининг қимматли маслаҳатларини берар экан шундай сўзларни айтиб ўтдилар: “Кексалик инсон умрининг осуда давридир. Чунки одам кексайганида катта ҳаётий тажрибага, теран ақлга эга бўлади. Шундай пайтда, ёш авлод уларнинг кўмаги ва  маслаҳатига доимо эҳтиёж сезадилар. Агар сиз ёшлар меҳнатсевар, ҳалол, диёнатли, эл иши учун фидойи бўлиб тарбия топмоқни истасаларингиз, кекса ота-оналарингизни зиёрат қилиш асносида, уларнинг насиҳатларига қулоқ тутиб, ҳаётий тажрибаларидан фойдаланинглар”.

 Қутлов сўнгида ёш авлод мўьтабар ёшдаги онахонларнинг дуоларидан баҳраманд бўлдилар. Зеро, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат эҳтиром қилиш, кексалар ҳолидан хабардор бўлиб туриш ўзбек халқининг азалий одатларидандир. Шунингдек, дуо олган киши албатта кўкаради ва келажакда  ўз мевасини беради.

 

З.Суярова,

ТИИ талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи
MUSLIM.UZ

Read 7076 times

Янгиликлар

Top