Ўзбекистон янгиликлари

Ислом сайёҳлик маркази раиси: мусулмон сайёҳлик бозорининг салоҳиятини очиш зарур

Ўзбекистон элчихонаси вакиллари Малайзия туризм, санъат ва маданият вазирлиги томонидан Малайзия техник ҳамкорлик дастури билан биргаликда ташкил этилган маданият ва меросни асраш бўйича туризм стратегиясини ишлаб чиқиш мавзусидаги онлайн ўқув курсининг очилиш маросимида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Онлайн-ўқувларнинг очилиш қисмида Малайзия туризм, санъат ва маданият вазирлиги бош котиби - Ислом сайёҳлик маркази раиси Нур Зари бин Ҳамат ҳамда мезбон мамлакатнинг Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари қатнашди.

Мамлакатимизнинг Малайзиядаги дипломатия миссияси кўмагида мазкур тренингда иштирок этиш учун Ўзбекистон туризм ва спорт вазирлиги вакиллари жалб этилди.

Ўқувлар жорий йил 27 сентябрь - 1 октябрь кунлари бўлиб ўтди. Тренинг якунида иштирокчиларга сертификат берилди.

Нур Зари бин Ҳамат ушбу семинар Ташқи ишлар, Туризм, санъат ва маданият вазирликларининг ўн бешинчи қўшма лойиҳаси эканини маълум қилди. Ўтган давр мобайнида бу ташаббус доирасида 200 нафарга яқин хорижлик мутахассис сабоқ олди. Маърузачи ўқув курслари битирувчиларга ушбу йўналишдаги билим ва энг илғор амалиётларни эгаллаши учун минбар бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.

Ислом сайёҳлик маркази раиси истиқболли ва даромадли йўналиш бўлган мусулмон сайёҳлик бозорининг салоҳиятини очиш зарурати мавжуд эканини қайд этди. Унинг айтишича, Малайзия 2015 йилдан буён «Global Muslim Travel» индексида анъанавий равишда биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. Маълумотларга кўра, 2019 йилда Малайзияга 4 миллион мусулмон сайёҳ келган ва улар мамлакат иқтисодиётига 5,33 миллиард АҚШ долларидан зиёд даромад келтирган.

Шунингдек, маросимда Ўзбекистон мусулмон туризми глобал индексида 6 поғонага кўтарилиб, 16-ўринни эгаллагани ҳам эътироф этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 971 times

Янгиликлар

Top