Ўзбекистон янгиликлари

Ал-Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳи

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги ал-Ҳаким ат-Термизий мақбараси IX асрда қурилган меъморий ёдгорликлардан.
Ал-Ҳаким ат-Термизий мақбараси қадимги хонақоҳ ҳужраларидан бирига қурилган. Ат-Термизий шу ерда мурид-шогирдлари ва бошқа дарвешларни қабул қилган, улар билан суҳбатлашган. Вафот этгач, шу хонақоҳда дафн қилинган.
ЎзА хабарига кўра, X–XI асрларда Ат-Термизий мақбараси атрофига ибодатхоналар қурилган. XI асрда мақбаранинг шимолида уч гумбазли айвон, айвон ғарбий деворида пишиқ ғишт билан қопланган меҳробдан иборат дуо-таъзия масжиди барпо қилинган. Мақбара бир неча марта таъмирланган. Чингизхон вайрон қилгунга қадар, XII асрда ҳам таъмир этилган. XIII аср охирларида Термизда мўғул босқинчилари вайронагарчилиги асорати тугатилгандан кейин мажмуа бирмунча кенгайтирилган. Бунинг асосий сабаби Ал-Ҳаким Термизийнинг обрўси дин ҳомийси сифатида янада ошганлиги билан боғлиқдир. XV аср бошларида Амир Темурнинг невараси Ҳалил Султон Термизга ҳукмронлик қилган даврда эса мақбаранинг шимоли-шарқий қисмида ҳашаматли хонақоҳ қурилган. Шоҳруҳ замонида Ал-Ҳаким Термизий мозори устига оқ мармарли муҳташам сағана ўрнатилади ва мақбара қурилади.
Сўнгги йилларда зиёратгоҳда таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, мажмуа аввалгиданда кўркам ва обод масканга айланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1167 times

Янгиликлар

Top