Ўзбекистон янгиликлари

Президентлик сайловидаги ғалабaни Аллоҳ муборак қилсин!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом
салавоту саломлар бўлсин.

Ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев жаноблари!

Сизни 2021 йил 24 октябрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтган Президент сайловларидаги ишончли ғалабангиз билан чин дилдан, самимий муборакбод этамиз. Аллоҳ таолодан халқ фаровонлиги ва юрт равнақи йўлидаги фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилаймиз.

Президентлик сайловлари натижалари халқимизнинг ўз Раҳбарига бўлган юксак ишончи ва ҳурматидан далолат эканини яққол кўрсатди.
Сайловлардаги аниқ ғалабангиз – бу Сизнинг мамлакатни дадил қадамлар ила ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларингизни халқимиз қўллаб-қувватлашининг, шунингдек, юрт аҳлининг келажакка бўлган интилишлари ёрқин намойиши бўлди.

Аллоҳ таборака ва таолодан Сиз жаноби олийларига ва оилангизга сиҳат-саломатлик, шоду ҳуррамлик ва оилавий бахт тилаймиз. Эл-юрт саодати ва халқимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган фидокорона меҳнатларингизда улкан зафарлар ато этишини Яратган Парвардигордан сўраймиз.

Ҳақ таоло Сизнинг Ватан тараққиёти, халқ манфаати йўлида олиб бораётган шарафли ишларингизда мададкор бўлиб, Ўзининг ҳифзу ҳимоясида асрасин, Омин ё Роббал аламийн.

Камоли ҳурмат ва юксак эҳтиром ила,
Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Read 259 times

Янгиликлар

Top