Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: Қорақалпоғистонда "Ғоиб ота” масжидининг янги биноси очилди

Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани “Кўна Тўрткўл” овул фуқоралари йиғинидаги “Ғоиб ота” масжиди янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Р.Сапарбаев, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсутдин Бауатдинов, Тўрткўл тумани ҳокимияти вакили Р. Матназаров, имом-хатиблар, нураний отахонлар, “Кўна Тўрткўл” маҳалласи аҳолиси иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Р.Сапарбаев бугунги кунда юртимизда муқаддас қадамжолар, масжидлар, диний таълим муассасаларига, шунингдек, миллий ва диний қадриятларимизни қайта тиклашда бир қанча ибратли ишларнинг амалга оширилаётганлиги ҳақида гапирди.

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсутдин домла Бауатдинов юртимизда диний соҳадаги ижобий ислоҳатлар, амалга оширилган ижобий ишлар ҳақида сўзлаб берди ва ушбу масжид қурилишига кўмак берган барча инсонларга катта ташаккур билдирди.

Маълумот учун, “Ғоиб ота” жоме масжидининг эски иморати 1982 йили лойдан ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, бугунги кунга келиб авария ҳолатига келиб қолган эди. Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, маҳаллий ҳокимият ва тегишли ташкилотлар рухсати билан мазкур масжиднинг юридик манзили ўзгармаган ҳолда, янги биноси қуриш ишлари бошлаб юборилди.

Ҳудуд аҳолиси, маҳаллий тадбиркор ва туман ҳокимиятининг кўмаги билан мазкур масжиднинг янги иморати бир йил ичида қуриб битказилди. Масжид 500 намозхонни сиғдиради. 2 намозхона ва ходимлар хонаси ҳам мавжуд.

Масжидларни обод қилиш тоат-ибодатлар билан ҳамда ўша масжидларни яхшилаб қуриб, таъмир этиб, пок сақлаб, муҳофаза қилиш билан бўлади.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “(У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч тасбиҳ айтурлар” (Нур сураси, 36-ояти).

Аллоҳ таоло ушбу масжидни қиёматга қадар мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини насиб қилсин.

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти матбуот хизмати

Read 238 times

Янгиликлар

Top