Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Малайзия билан ҳалол стандарти бўйича ҳамкорликни кенгайтиради

22 октябр куни элчи Равшан Усманов Малайзиянинг «Halal Development Corporation Berhad» (HDC) давлат корпорацияси раҳбари Хаирол Ариффеин билан учрашув ўтказди ва унда Малайзиянинг энг яхши тажрибаси асосида Ўзбекистонда ҳалол сертификатлаш ва саноатни жорий этиш ва ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар беради "Дунё" ахборот агентлиги.


Музокаралар чоғида Малайзия томонига Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, соғлиқни сақлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлашга қаратилган техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш миллий тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.


HDC вакиллари, шунингдек, ҳалол маҳсулотлар сертификатлаш соҳасида талабларни амалга ошириш учун Ислом давлатлари билан ҳамкорликни фаоллаштириш, шунингдек, мамлакат ишлаб чиқарувчилари учун савдо бозорларини кенгайтириш ва зиёрат туризмини ривожлантиришга кўмаклашиш имконини берувчи ҳалол стандартларини ишлаб чиқиш учун Ислом мамлакатлари стандартлари ва Метрология институти (Standards and Metrology Institute for Islamic Countries – SMIIC) билан Ўзбекистоннинг фаол ҳамкорлик ҳақида маълумот берилди.


Музокаралар натижасида Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник тартибга солиш агентлиги (ИТСВ) ходимлари учун HDC экспертларини жалб қилган ҳолда Республикадаги ҳалол саноатни ривожлантириш бўйича илғор Малайзия тажрибасини ўрганиш ва эҳтимол жорий этиш борасида вебинарлар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.


Маълумот учун: 2006 йилда ташкил этилган Малайзия халқаро савдо ва саноат вазирлиги ҳузуридаги HDC ҳалол саноатини ривожлантиришга бағишланган дунёдаги биринчи давлат муассасаси ҳисобланади. Корпорация мамлакатда ушбу соҳадаги экотизим ва инфратузилмани такомиллаштиришга қаратилган дастур ва стратегияларни ишлаб чиқиш, жумладан, Малайзиянинг ҳалол брендини хорижда тарғиб қилиш, маҳаллий ва хорижий компаниялар ва саноатга инвестицияларни жалб қилиш бўйича иш олиб бормоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1006 times

Янгиликлар

Top