Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш Миср ОАВнинг диққат марказида

"Ал-Масаи Ахбар ал-Йаум" араб тилидаги кундалик газетаси "Ахбар ал-Йаум " нашриёт мажмуасининг халқаро воқеалар бўлими раҳбари Фотима Бадавийнинг "Ўзбекистон хорижий сайёҳ ва зиёратчиларни жалб этишда дунёдаги етакчи давлатлардан биридир" номли мақоласини чоп этди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.


"Ўзбекистон ўзининг бой тарихи, ноёб маданий мероси билан жаҳон цивилизацияси ривожига салмоқли ҳисса қўшган кўплаб олим ва мутафаккирлари, қадимий меъморий ёдгорликлари, ноёб пазандалик ва халқ ҳунармандчилиги билан хорижликлар, сайёҳлар ва зиёратчилар эътиборини тортмоқда", - дейилади мақолада.


Нашрда таъкидланганидек, республика ҳудудида турли динларга мансуб маданий мерос объектларининг мавжудлиги Ўзбекистонда зиёрат туризмининг кенг ривожланишига, хорижий сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилувчи муҳим омиллардан биридир.
Нашрнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда туризм соҳасини янада ривожлантириш ва бу борада тажриба алмашиш мақсадида 2019 йилнинг 21-23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида Зиёрат туризми бўйича биринчи халқаро форум бўлиб ўтган. Анжуманда дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакатидан туризм ва дин соҳасидаги олим ва мутахассислар иштирок этди. Форум дунё бўйлаб 20 дан зиёд оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоқлари томонидан кенг ёритилди. Тадбир якунида қабул қилинган Бухоро декларациясида Ўзбекистон зиёрат сафари марказларидан бири сифатида эътироф этилади.


Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон бутун дунё сайёҳлари учун муҳим манзил ҳисобланади. Мамлакат ўзининг жозибадор муҳити билан меҳмонларни ҳайратга солади. Турли оҳангларда безатилган қадимий масжидлар, мадрасалар, карвонсаройлар ҳар қандай сайёҳни, албатта, забт этади. Республиканинг сайёҳлик салоҳияти билан бир қаторда ташриф буюрувчилар эътиборини асрлар оша эъзозлаб келинаётган миллий анъана ва қадриятлар ўзига жалбэетмоқда, деб ёзади нашр.


Ўзбекистон туризмнинг барча соҳаларини ривожлантириш ва хорижий сайёҳларни жалб этиш борасида дунёда етакчи давлатлардан бирига айланиб бормоқда. Туризм соҳаси доимий изланиш, инвестиция ва замонавий технологиялардан самарали фойдаланишни талаб этади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон учун бу стратегик муҳим йўналишни янада ривожлантириш, республиканинг тарихий ва маданий меросини пухта сақлаб қолиш ғоят муҳимдир, дея хулоса қилинади "Ал-Масаи Ахбар ал-Йаум" газетасида.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1098 times

Янгиликлар

Top