Ўзбекистон янгиликлари

Имом Мотуридий ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази делегацияларининг Туркия Республикасига ташрифи

Ўзбекистон ҳудудидан етишиб чиққан буюк мутафаккир алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш, хусусан, ҳадис илми ривожида ўчмас из қолдирган Имом Бухорий, ақида ва калом илмлари ривожига бебаҳо ҳисса қўшган Имом Мотуридий ҳамда уларнинг издошлари бўлган олимларнинг илмий меросини кенг афкор оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказиш, аждодларимизнинг жаҳон қўзёзма фондларида сақланаётган Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида, калом ва тасаввуф соҳаларига оид қўлёзма ҳамда тошбосма асарларининг факсимиле нусхаларини мамлакатимизга олиб келиш, ислом илмларининг бугунги кундаги аҳамиятини тадқиқ этиш йўналишида халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш мақсадида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимларидан иборат делегация Туркия Республикасига ташриф буюрди.

Делегация ташриф давомида Туркиянинг “TRT AVAZ” телерадиоканали директори Седат Сағиркая билан учрашув ўтказилди. Учрашувда делегация вакиллари “TRT AVAZ” телерадиоканали директори Седат Сағиркая билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар ва ислоҳотлар, шу билан бир қаторда, ислом динининг асл тинчликпарварлик ва инсонпарварлик моҳияти, унинг жамият тараққиётидаги ўрнини илмий асосда ўрганиш, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Абул Муин Насафий каби алломаларнинг ислом цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини халқаро жамоатчиликка кенг тарғиб қилиш юзасидан “TRT AVAZ” телерадиоканали билан ҳамкорликда медиа маҳсулотлар, ҳужжатли ва бадиий фильмлар тайёрлаш борасидаги  лойиҳалар юзасидан музокаралар олиб борилди.

Учрашув давомида “TRT AVAZ” телерадиоканали директори Седат Сағиркая  томонидан мамлакатимизнинг шонли тарихи борасида айтган эътирофлари диққатга сазовордир, -“Ўзбекистон ислом цивилизацияси тарихидаги энг буюк маданий марказлардан бири ҳисобланади. Мен Ўзбекистондаги кўплаб муқаддас қадамжоларни зиёрат қилганман. Жумладан, Мир Араб мадрасасига ҳам ташриф буюрганман. Дарҳақиқат, ислом маданиятининг тамал тоши Мовароуннаҳрда қўйилган десак, муболаға қилмаган бўламиз. Муқаддас ислом динининг маънавий марказлари Ўзбекистонда Бухоро ва Самарқанд бўлса, Туркияда эса Кўнядир”.

Шунингдек, делегация вакиллари Ислом тафаккури институтига ҳам ташриф буюрди. Делегация вакиллари институт раҳбати профессор Меҳмет Гёрмез билан учрашиб, ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан музокара олиб бордилар.

Учрашув давомида “Мовароуннаҳр ислом тамаддунининг бешиги ҳисобланади. Тарихда ислом маданияти дунёнинг турли минтақаларида кузатилган бўлса-да, бироқ ҳеч қайси юртда у Мовароуннаҳрда бўлгани каби гуллаб-яшнамаган. Жумладан, Бағдод, Андалус, Шом каби диёрларда ислом маданияти муайян давр оралиғида ривожланган бўлса, Мовароуннаҳрда бу нарса ҳозирги кунга қадар кузатиб келинмоқда. Шу сабабли бугунги кунда Ўзбекистон ислом цивилизациясининг тарихда эришган шонли мавқеини қайта тиклашда муҳим ўрин тутади.

Биз барчамиз Имом Бухорийни севамиз. Имом Мотуридийга бўлган муҳаббатимиз чексиз. Шу билан бир қаторда, янги Имом Бухорийлару Имом Мотуридийларга ҳам муҳтожмиз. Мотуридийлик таълимотини чуқур ўзлаштирган, бугунги куннинг долзарб масалаларига ечим топа оладиган кадрларни тайёрлаш долзарб вазифа бўлиб турибди. Бу борда Ўзбекистон билан ҳар қандай ҳамкорликка тайёрмиз.

Мен Самарқанддаги Шоҳи Зинда мажмуасини зиёрат қилганимда шундай дуо қилган эдим: “Аллоҳим, дарёлар қайта оқсин. Бироқ сувга эмас, балки илмга тўлиб оқсин”. Дарёлар деганда мен Сайҳун ва Жайҳун дарёларини назарда тутган эдим. Менинг наздимда Самарқанд кўчаларини кезишнинг ўзи улкан бахт, бир илм ҳисобланади. Ўзбекистон мана шундай муқаддас юртдир”-дея, таъкидлади Ислом тафаккури институти директори Меҳмет Гўрмез.

Шунингдек, делегация аъзолари Туркия сафари давомида Анқара Йилдирим Боязид университетига ташриф буюрди. Делегация вакиллари ташриф доирасида университет ректори профессор Иброҳим Ойдинли билан учрашиб, илмий-тадқиқот соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Диққатга сазовор жиҳати шундаки, Анқара Йилдирим Боязид университети ҳудудида янги дарвоза барпо этилмоқда. Ушбу дарвоза билан ёнма-ён юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккир аждодларимизнинг жаҳон илм-фани ва цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссаси ҳамда қардош турк халқининг миллатимизга бўлган юксак эҳтироми рамзи ўлароқ, юртимиз шарафига “Ўзбекистон хотира” боғи ҳам бунёд этилмоқда. Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон делегациясининг ушбу университетга ташрифи муносабати билан “Ўзбекистон хотира” боғининг очилиш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги элчихонаси ходимлари, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакиллари, Анқара Йилдирим Боязид университети профессор-ўқитувчилари ҳамда бошқа бир қатор нуфузли меҳмонлар иштирок этдилар. Жумладан, Ўзбекистон делегацияси вакиллари эзгу ниятлар ила ушбу боққа илк ниҳолларни ўтқаздилар.

Шунингдек, Туркия сафари давомида делегация вакиллари Туркия миллат кутубхонасига ҳам ташриф буюриб, у ердаги нодир қўлёзмалар, қадимий ҳамда замонавий манбалар билан яқиндан танишдилар.

Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур кутубхонада Ўзбекистон бурчаги ҳам ташкил қилинган бўлиб, унда мамлакатимизда чоп этилган адабиётлар ҳамда давлатимиз ҳақидаги нашрлар ўрин олган.

Делегация вакиллари икки Марказ томонидан нашр қилинган бир нечта китобларни, хусусан, Имом Мотуридий “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг ўзбек тилига таржима қилинган 29 ва 30-жузини ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан нашр этилган “Ислом энциклопедияси” китобини мазкур кутубхонага тақдим қилдилар.

Ташрифнинг иккинчи куни Имом Мотуридий ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимларидан иборат делегация вакиллари Анқара шаҳридаги Туркия Миллий кутубхонасига ҳам ташриф буюрдилар. Ташриф давомида делегация аъзолари Туркия Миллий кутубхонаси таркибига кирувчи кутубхона ва марказлар фаолияти билан яқиндан танишдилар. Ташриф доирасида Миллий кутубхона жамоаси билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда делегация аъзоларига Милий кутубхонадаги китоблар ва қўлёзмалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Қайд этиш керакки, ҳозирда кутубхонанинг қўлёзмалар қисмида 28 минг манба сақланади. Уларнинг аксар қисми электрон шаклга келтирилган. Кутубхонанинг электрон платформасига аъзо бўлиш орқали 5000 дан ортиқ қўлёзмаларнинг электрон нусхаларидан фойдаланиш имкони мавжуд.

Учрашув давомида икки томонлама ўзаро ҳамкорлик масалалари, шу жумладан Марказда нашр қилинган китобларни кутубхона фондига жалб қилиш, ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг Туркия Миллий кутубхонасидан фойдаланиш каби кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

 

Read 1557 times

Янгиликлар

Top