Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат “Зангиота” жомесида намозхонлар билан суҳбат қилдилар

Бугун, 3 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Тошкент вилоятига ташрифлари давомида Зангиота қадамжосини зиёрат қилдилар.
Мўътабар зотларнинг руҳларини шод этиш мақсадида, Қуръони карим оятлари тиловат қилинди. Зеро, ўтган улуғ инсонларни ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод этиш савобли амаллардан. Ҳақларига дуолар қилиш, яхшилик ила эслаш, мағфират сўраш эса – чин мўминлик белгисидир.
Шундан сўнг, муфтий ҳазратлари “Зангиота” жоме масжидида пешин намозини жамоат билан адо этдилар. Масжид аҳли билан суҳбатда, ўтганларнинг ҳоки поклари қўним топган масканларни зиёрат қилиш ибратли иш экани, Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага келганларидан кейин сўзлаган “Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Мана энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро у сизларга охиратни эслатади” (Имом Термизий), деган ҳадиси шарифларини намозхонларга шарҳлаб бердилар.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оналари қабрини зиёрат қилиш учун Ҳақ таолодан ижозат олганлари ҳақидаги таъсирли воқеани гапириб берганлари намозхонлар қалбини жунбушга келтирди. Ҳадиси шарифда баён этилганидек, бундай масканларни зиёрат қилиш, инсонга охиратни эслатиши, дунё вақтинча эканини ёдга солиши каби ҳикматларни муфтий ҳазратлари баён қилиб бердилар.
Мазкур жоме масжид намозхонларига марҳум Усмонхон Темирхон ўғли раҳимаҳуллоҳ томонларидан таълиф этилган “Тафсири Ирфон” китобининг мухтасар шаклда ифода қилинган – “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси” китоби ҳадя қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1656 times

Янгиликлар

Top