Ўзбекистон янгиликлари

Франция ОАВси Тошкент Ислом цивилизацияси маркази қурилиши ҳақида

"Musulmans en France" ихтисослаштирилган онлайн нашри бош муҳаррири Жан-Мишель Бруннинг "Ўзбекистонда дунёда ноёб Ислом цивилизациясининг маркази очилмоқда" номли мақоласини чоп этди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

Нашрнинг таъкидлашича, Усмон Қуръонининг машҳур нусхаси жойлашган Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан замонавий мусулмон дунёсининг дурдоналаридан бири бўлишга мўлжалланган Ислом цивилизацияси маркази биносини қуришга киришишга қарор қилинган.

Қайд этилишича, интерьер дизайни Қатар пойтахти Дохада Ислом санъати музейини яратган франциялик архитектор Жан-Мишел Вильмоттга топширилган.

Келгуси йил охирида эшикларини очиши керак бўлган янги марказ 15 000 квадрат метр майдонга эга катта кўргазма зали, санъат ва китобларни рақамлаштириш ва тиклаш бўлимига эга тадқиқот маркази, шунингдек, 500 кишилик конференция залини ўз ичига олади. Ниҳоят, марказда 200 дан ортиқ талаба магистратура ёки докторантурада ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлган Халқаро ислом академияси жойлашади, дейилади мақолада.

Саккиз галереяда 4 мингдан ортиқ объект, шунингдек, 1000 қўлёзмани намойиш этиш режалаштирилган. Марказда, гумбаз остида VII асрга оид қўлёзма Усмон Қуръонининг жуда қимматли ва нодир нусхаси ўрнатилади, дея хулоса қилади интернет-ресурс.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1443 times

Янгиликлар

Top