Ўзбекистон янгиликлари

Малайзия телеканалида Ўзбекистоннинг Ислом мероси ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилди

Малайзиянинг “TV Al-Hijrah” давлат телеканали Ўзбекистон Ислом цивилизациясининг бой меросига бағишланган махсус репортажни томошабинларга тақдим этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Репортажда Ўзбекистон туризм ва спорт вазири маслаҳатчиси Темур Мирзаев телетомошабинларга Ўзбекистон бугун хорижлик меҳмонларни бой тарихий ва маданий мероси билан ўзига жалб этаётгани ҳақида сўзлаб берган.
Малайзиялик журналист Ўзбекистон “Умра плюс Ўзбекистон” зиёрат туризм пакетларини жорий қилиш ғоясини ҳаётга тадбиқ этишга катта умид боғлаётганини қайд этган. Ушбу пакетларда умра зиёратини амалга ошириш жараёнида малайзияликларнинг Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига, хусусан, Ўзбекистондаги Имом Бухорий мақбараси ва Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси каби муқаддас қадамжоларга қисқа муддатли ташриф буюриши назарда тутилган. «Зиёрат туризми сизга Ислом маданий, маънавий, интеллектуал ва меъморий мероси билан яқиндан танишиш, Шарқ Уйғониш даврининг меъморий дурдоналарини ўз кўзингиз билан кўриш имконини беради» - дейилади хабарда.
Репортажда дунёнинг 90 та давлати фуқаролари, жумладан Малайзия, Индонезия ва Сингапур фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш режими мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилган. Бу фуқароларнинг эркин ҳаракат қилиш имкониятини ошириш билан бирга Ўзбекистонга хорижий сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилмоқда.
Фильмда айтилишича, яқин истиқболда «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясининг Куала-Лумпурга ўтган йили коронавирус пандемияси туфайли тўхтатилган тўғридан-тўғри рейслари қайта тикланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1782 times

Янгиликлар

Top