Ўзбекистон янгиликлари

Макка вилояти ҳокими: Ислом цивилизациясига улкан ҳисса қўшган буюк ўзбек алломалари меросига юксак баҳо берди

Сентябрь ойида ўз вазифасини бажаришга киришган Ўзбекистоннинг Жидда (Саудия Арабистони) шаҳридаги бош консули Нодиржон Турғунов қиролнинг маслаҳатчиси, Макка вилояти ҳокими Шаҳзода Холид ал-Файсал билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.
Шаҳзода Холид Ал-Файсал Бош консулни юксак лавозимга тайинлангани билан табриклаб, унинг ишига муваффақиятлар тилади.

Суҳбат чоғида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда ҳаётнинг турли соҳаларида, жумладан, сармоя жалб этиш, туризмни ривожлантириш, фуқароларга диний эркинликни таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Шаҳзода умумий Ислом цивилизациясига улкан ҳисса қўшган буюк ўзбек алломалари ва мутафаккирлари меросини юксак баҳолаб, Ўзбекистон билан маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришга ҳисса қўшишга тайёрлигини маълум қилди.

Учрашувда савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли Ўзбекистон-Саудия муносабатларини кенгайтириш бўйича ҳамкорликнинг долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги янги Бош консули 46 ёшда. Тошкент Давлат Шарқшунослик институтининг Араб филологияси факультетини тамомлаган. 2019-2021 йилларда Оқтов шаҳри (Қозоғистон) да Бош консул бўлиб ишлаган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1829 times

Янгиликлар

Top