Хабар берганимиздек, Чеченистон республикаси муфтийси Салоҳ ҳожи Межиев бошчилигидаги меҳмонлар юртимизда бўлиб туришибди. Кеча, меҳмонлар Бухорои шарифдаги муборак қадамжоларни зиёрат қилишди.
Бугун, 2 декабрь куни мартабали меҳмонлар зиёратни Самарқанд вилоятида давом эттирди. Дастлаб Чеченистон муфтийси Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва вилоят бош имом хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳрида жойлашган "Намозгоҳ" жоме масжидида бомдод намозини адо этишди. Намоздан сўнг Ҳомиджон домла Ишматбеков жамоатга чиройли маъруза қилиб берди. Якунда муфтий Салоҳ ҳожи Межиев хайрли дуолар қилди.
Меҳмонлар зиёратни “Имом Бухорий” мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади. Бу ерда Қуръон тиловати қилиниб, марҳумлар ҳақига дуо қилинди.
Ташриф давомида меҳмонлар “Имом Бухорий” халқаро тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишди.
Шундан сўнг меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбараси, Ҳазрати Ҳизр ва Шоҳи Зинда мажмуаларини зиёрат қилишди.
Ўзекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати