Ўзбекистон янгиликлари

Араб университетлари билан илк бор икки дипломли дастур йўлга қўйилади

Тошкент давлат шарқшунослик университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Элёр Маҳмудов Қоҳирада икки йирик давлат университети раҳбарияти билан учрашди.

Дастлаб Ҳелвон университетида вице-президент Мона Фуад, шунингдек, таълим, филология, туризм факультетлари деканлари ва халқаро алоқалар бошқармаси раҳбарияти иштирокида мулоқот ўтказилди.

Томонлар 2020-2021 ўқув йили давомида иқтисод, туризм ва араб тили бўйича ўқилган туркум онлайн маърузалар шаклидаги муваффаққиятли ҳамкорликни таъкидлаб ўтдилар.

ТДШУ ташаббуси билан уюштирилган Халқаро анжуманларда Ҳелвон университети олимлари иштирок этиб, профессор-ўқитувчилар томонидан магистрантлар учун иқтисодий фанлар бўйича курслар ташкил этилди.

Учрашувда истиқболдаги шериклик режаси, хусусан, Мисрнинг ушбу олий ўқув юртида ТДШУ араб тили ўқитувчилари учун ўқув курслари, соҳа бўйича онлайн ва оффлайн маърузалар жараёнини йўлга қўйиш, фанлараро дастурлар бўйича ҳамкорлик қилиш масаласи муҳокама қилинди.

Э.Маҳмудов, гарчи, икки университет ўртасидаги Меморандум 2004 йилда имзоланганига қарамай, ҳамкорлик фаолияти фақат 2020 йил сентябрь ойидан бошланганини қайд этди.

Учрашувда томонлар араб тили бўйича қўшма таълим дастурига тайёргарлик жараёни деярли якунига етгани ва бу лойиҳа янги ўқув йилидан ишга тушиши таъкидладилар.

Мазкур икки дипломлик дастур Ўзбекистонда Араб университетлари билан йўлга қўйилаётган илк шундай ҳужжат бўлиши кутиляпти.

Ҳелвон университетида 23 факультет, 48 марказ, 12000 профессор-ўқитувчи ва маъмурий ходим фаолият олиб боради. Талабалар сони 200 000 атрофида.

“TimesHigherEducationWorldUniversityRanking” маълумотига кўра, ушбу олий ўқув юрти рейтингда бир қатор соҳалар бўйича Топ-1000 таликка, “Глобал ривожланаётган иқтисодиёт” соҳаси бўйича эса Топ-350 таликка кирган.

Мисрдаги иккинчи учрашув Араб дунёсида энг қадимий ва юқори рейтинга эга олий таълим маскани ҳисобланган Қоҳира университетида бўлиб ўтди.

Суҳбат давомида томонлар турли йўналишлар бўйича ҳамкорлик истиқболини муҳокама қилиб, Меморандум имзолашга ҳам келишиб олдилар.

Тадбирда университет вице-президенти Абдулраҳмон Закрий ва халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи Хейди Баёуме иштирок этди.

ТДШУ ва ҚУ ўртасида 1997 йил Меморандум имзоланган бўлса-да, ҳамкорлик қониқарли даражада йўлга қўйилмаган. Эндиликда ҳар икки томон қўшма академик фаолиятни жонлантириш, хусусан, алмашинув дастурлари тузиш, олимлар учун ўқув курслари ташкил этиш, илмий марказлар ҳамкорлигини ўрнатиш ва онлайн фаолият юритиш зарурлигини бир овоздан эътироф этдилар.

Қоҳира университети тарихий бинода жойлашган бўлиб, иншоот аввал Миср қироли саройи бўлган ва малика Фатма Исмоил қарори билан университет учун ҳадя қилинган.

Ҳозир Қоҳира университетидаги 26 факультет, 177 марказда 16000 факультет ходими ишлайди ва 262 000 га яқин талаба таҳсил олади.

QS Жаҳон университетлари рейтингига кўра, Қоҳира университети Топ-580 университет сафидан ўрин олган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1181 times

Янгиликлар

Top