Ўзбекистон янгиликлари

Бош имом-хатиблар малака оширишди

Бугунги имом-хатиб ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни пухта ўзлаштирган, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор, халқимизнинг маърифатини юксалтиришга ҳисса қўша оладиган, сўзи ва амали уйғун, ташаббускор, фидойи бўлиши керак. Шундагина унинг гапи таъсирчан, халқ орасида обрў-эътиборли бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан мунтазам равишда вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бош имом-хатибларининг  малакаси ошириб бориляпти.

Ана шу ўқувларда Тошкент вилояти бош имом-хатиби билан бирга вилоятнинг шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари шу йилнинг 20 ноябрь–11 декабрь кунлари малакаларини оширишди. 

– Имом-хатиб пайғамбарларнинг меросхўри сифатида ўз номига ҳар томонлама муносиб бўлиши керак, – дейди Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов. – Ислом дини имом-хатиблар зиммасига катта масъулият юклайди. Меҳроб эгаси ваъз-насиҳат, илм-маърифат, зиё-нур, одоб-ахлоқ, ҳалоллик, поклик, меҳр-оқибат, бир сўз билан айтганда, Аллоҳ таолонинг бизларга юборган соф Ислом дини моҳиятини мўмин-мусулмонларга етказиши зарур. Шу билан бирга, имомларимиз бугун юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга, аввало, ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши ҳамда бу ислоҳотларни халқимизга етказиши керак. Одамларга шукр қилишни эслатиш, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиш, ёшлар тарбиясида фаол бўлиш каби насиҳатларни қилиш ҳам домлалар зиммасида. Шу боис бугун биз ҳар қачонгидан ҳам фаол бўлишимиз зарур.

Малака ошириш ўқувларида Дин ишлари бўйича қўмита мутахассислари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва бир қатор олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари дарслар ўтиб беришди.

Машғулотлар якунида барча тингловчилар ўзлари учун белгиланган мавзулар юзасидан битирув малакавий ишларини ёқладилар.

Йигирма кун давом этган малака ошириш курслари якунида барча тингловчиларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг махсус сертификатлари топширилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент вилояти вакиллиги

Матбуот хизмати

 

Read 1524 times

Янгиликлар

Top