Ўзбекистон янгиликлари

Бош вазир ўринбосари БАА Бош вазири билан учрашди

Дубай шаҳрида “EXPO 2020 DUBAI” Бутунжаҳон кўргазмаси доирасида Ўзбекистон Миллий павильонида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, мулоқот чоғида БАА томони Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда эришаётган муваффақиятларга алоҳида урғу берди.

БАА Бош вазири Ўзбекистоннинг “EXPO 2020 DUBAI” кўргазмасидаги миллий павильон билан иштирокига юқори баҳо берар экан, ушбу тадбирни халқаро майдонда мамлакатимиз имиджини мустаҳкамлашдаги муҳим қадам сифатида қайд этди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришда ишга солинмаган салмоқли салоҳият мавжудлиги алоҳида таъкидланди. Томонлар сиёсий, инвестициявий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик кун тартибини бойитиш учун бор имкониятларини ишга солишга тайёр эканликларини билдирди.

Энергетика, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларда лойиҳалар амалга оширилишини жадаллаштириш, қўшма инвестиция портфелини кенгайтириш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишга келишилди.

Икки томонлама ҳамкорлик кун тартибида томонлар БАА ҳукумат ишлари вазирлиги кўмагида давлат бошқарувини такомиллаштириш дастурининг муваффақиятли амалга оширилаётганини таъкидладилар.

“Ёш лидерлар дастури”нинг ишга туширилиши ушбу соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги янги қадам сифатида юқори баҳоланди.

Икки мамлакатнинг ўзаро манфаатли шерикликни янада изчил мустаҳкамлашга содиқлиги билдирилди ва биргаликда амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, БАА томони учун Ўзбекистон экспозицияси бўйлаб тур ташкил этилди, унда мамлакатимизнинг бой маданий-тарихий мероси мультимедиа шаклида тақдим қилинди, унинг Буюк Ипак Йўлининг ривожланишидаги ҳамда Ислом цивилизациясининг шаклланишидаги роли очиб берилди, шунингдек, Ўзбекистоннинг инвестициявий, саноат ва савдо салоҳияти, мамлакатимизнинг келгуси ўн йилликдаги тараққиёти ҳақидаги тасаввурлар намойиш этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1177 times

Янгиликлар

Top